Ўзбекистонда 2 та олий таълим муассасаси ректорлари лавозимидан озод этилди, деб хабар бермоқда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Улуғбек Ботирович Азизов ҳамда Бухоро муҳандислик технология институти ректори Нусратулло Ражабович Баракаев лавозимидан озод этилган.

Социология фанлари доктори Улуғбек Азизов Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига 2020 йил август ойида ректор этиб тайинланганди.

Улуғбек АзизовФото: Facebook / @Ulugbek_AzizovУлуғбек Азизов
Фото: Facebook / @Ulugbek_Azizov

Улуғбек Азизов 2016 йилдан то ректор бўлгунга қадар шу университет ҳузуридаги Чет тилларини ўқитишнинг инновациявий методикаларини ривожлантириш Республика илмий-амалий маркази директори-проректор лавозимида фаолият юритиб келган. У 2000 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети бакалавриат босқичини тамомлаган. 2009 йилда Япониянинг Сукуба университети магистратурасида таҳсил олган. 2015 йилда Германиянинг Эрфурт университетида фалсафа доктори (PhD) иши ёқлаган.

Нусратулло Баракаев эса 2019 йилда Бухоро муҳандислик технология институти ректори этиб тайинланганди. Ушбу лавозимга келгунга қадар Вазирлар Маҳкамасида ишлаб келган Баракаев 2014—2015 йилларда Гулистон давлат университети ректори сифатида ҳам ишлаган.