Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси Ўзбекистонда болалар ўлимига алоқадор сиропни ишлаб чиқаришни тўхтатди, шунингдек, компанияга қарши иш очилди. Бу бўйича Reuters`га компаниянинг юридик ишлар бўйича раҳбари Ҳасан Харрис маълумот берди.

«Док-1 Макс» дорисининг ўлимга олиб келувчи таъсири сабаб суриштирув Уттар-Прадеш штатидаги наркотикларни лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармаси томонидан олиб борилмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳукуматидан ҳам вафот этган болалар ҳақида ҳисобот бериш сўралган.

Маълумот учун, Қашқадарёда «Док-1 Макс» сабаб 28 декабрь куни яна бир бола вафот этганди. Шу билан мамлакатда ушбу йўтал сиропи сабаб вафот этганлар сони 19 тага етди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази директори М.Азизовнинг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзовга ёзган хати нусхаси пайдо бўлганди, унда «Док-1 Макс» таблеткалари ва сиропини қабул қилган беморларда асоратлар юзага келгани ва ўлими ҳақида сўз борган.

Орадан вақт ўтиб, Болалар омбудсмани Самарқанда «Док-1 Макс» таблетка ва сиропларини истеъмол қилиши оқибатида вафот этган болалар сони 18 нафарга етганини маълум қилганди. Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларидан бўлган. Уларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган ёш болалардир.

Кейинчалик ССВ 18 нафар бола «Док-1 Макс» сиропини ичиб вафот этганини тасдиқлаганди. Унинг таркибидан заҳарли модда — этиленгликоль топилган. Аниқланишича, дори шифокор рецептисиз, мустақил ёки фармацевт тавсияси билан сотиб олинган ва меъёрдан ортиқ дозада қабул қилинган. Ҳолат ўрганилгач, етти нафар масъул ишдан олинган. Дори савдоси эса тўхтатилган.

Шундан сўнг, ДХХ Тергов бошқармаси томонидан 18 бола ўлимига сабабчи бўлган «Док-1 Макс» билан боғлиқ ҳолат бўйича Quramax medical ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев эса сиропни қабул қилган болалар ўлими ҳақидаги маълумотлар вазирликдан яширилганини айтганди. У 18 нафар боланинг ота-онасига ҳамдардлик билдириб, узр сўраган.