Шавкат Мирзиёев Халқаро конгресс марказига келиб, бошланғич синфлар учун ишлаб чиқилган янги авлод дарсликлари тақдимоти билан танишди, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Янги авлод дарсликлари бўйича республика бўйича 14 та тажриба мактаблари танлаб олинди. Янги ўқув йилидан бошлаб ушбу мактабларда янги дарсликлар бўйича таълимни олиб бориш режалаштирилган. Уларнинг ўқитувчилари семинар-тренингларда қатнашиб, ўқитишнинг янги методикаларини ўзлаштиргани таъкидланди.

Қайд этилишича, мазкур мактаблар мисолида мамаклатдаги барча ўрта умумтаълим ўқув муассасалар учун техник ва инфратузилма стандартлари ишлаб чиқилади.

Шавкат Мирзиёев Халқаро конгресс марказида таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида мурожаат қилди. Давлат раҳбари сўнгги йилларда мактабларда амалга оширилган ишлар ҳақида гапирди.

«Сўнгги 5 йилда мингта мактаб қурдик. 7 миллионта компьютер синфларини ташкил қилдик. Бу каби ишларга 14 триллион маблағ бердик. Бу ҳозирги шароитимиз учун катта маблағ. Лекин таълим учун берсак арзийди. Бу бизнинг келажагимиз», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев 1 январдан бошлаб 14 та ҳудудда янги дарсликларни тажриба асосида ўқитилишини айтди.

«Кейинги босқичда 5−11-синфлар учун ҳам дарсликлар ишлаб чиқамиз. Мурожаатномада айтилганидек, ҳар бир мактаб битирувчиси иккита тилни билиши ва битта касб ўрганиши керак. Ҳозир 22 та фан бор мактабларда. Энди эса ёшларга креатив соҳаларда дарс беришимиз керак. Фанларни ҳам, дарс соатларини ҳам кўриб чиқишимиз керак», — деди президент.

Давлат раҳбари ўқитувчилар маоши оширилгани ҳақида гапирди.

«Мана бугун таълим сифатини ошириш, янги дарсликлар масаласида гаплашамиз. Хўш, бу янги дарсликларни фарзандларимизга ким етказади? Албатта муаллим! Мен бекорга муаллимнинг обрўсини кўтариш ҳақида такрор-такрор гапирмайман. Бугунги глобаллашув даврида таълим, келажак авлод баркамоллиги қай даражада муҳимлигини янаям кучлироқ англаб етяпмиз. Йилимиз номини ҳам таълимга боғлаганимиз бежиз эмас. Бу масала менинг доимий диққат марказимда бўлади. Маошларингизни оширдик, лекин бу билан тўхтаб қолмаймиз. Имкониятимиз бўлиши билан яна кўпайтирамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.