Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни Халқаро конгресс марказига бориб, бошланғич синфлар учун ишлаб чиқилган янги авлод дарсликлари тақдимоти билан танишгач, ўқитувчилар билан суҳбатлашди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари бугунги кунда дарсликлар ўзгараётгани, ўқитувчилар ҳам шунга ҳамоҳанг тарзда ўзгариши кераклиги, ўзгармаганлар эса ишдан олинишини айтиб ўтди.

«Шунинг учун ҳам бугун сизлар билан кўришиб, гаплашяпмиз. Бугун кечагидек дарс беришни қабул қилиб бўлмайди. Буни ота-оналар ҳам, ўқувчилар ҳам қабул қилмайди. Ота-оналарнинг ҳам масъулиятини оширишимиз керак. Ўзим ҳам шанба-якшанба кунлари невараларимнинг дарслари билан шуғулланаман. Айниқса, якшанба кунлари вақтим кўпроқ бўлади, ҳамма дарсларини бирма-бир сўрайман», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, таълимга жиддий эътибор бериш, репетитор бир йилда болаларга тил ўргатган пайтда мактаб 10 йилда ҳам ўргата олмаса, бу ҳолат ўйлантириши кераклигини таъкидлади.

Шу билан бирга давлат раҳбари ота-оналарнинг муносабатини ўзгартириш ва уларнинг фарзандлар учун масъулиятини ошириш кераклигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.