Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолининг абонент рақамларига «Док-1 Макс» дорисини сотиб олмаслик ҳақида огоҳлантирувчи СМС-хабар юборишни бошлади.

«Док-1 Макс препаратини сотиб оламанг! Фарзандларингиз саломатлигини асранг», — деб ёзилган вазирлик юборган СМСда.

«док-1 макс», смс-хабар, ссв

Хабардан скриншот

Бироқ ССВ бу ҳақда 19-бола ўлимидан кейингина аҳолини огоҳлантиришни бошлади. Шунингдек, вазирлик хабарда нега айнан бу дорини сотиб олмаслик (дори таркибида заҳарли модда — этиленгликоль бор) ҳақида маълумот бермаган.

Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистон ишлаб чиқарувчиси Marion Biotech томонидан «Док-1 Макс» дорисини қабул қилган болаларнинг ўлими Маматқул Азизовнинг 15 декабрдаги хатидан маълум бўлди. Унда айтилишича, охирги 2 ойда 21 нафар бемор шу дори воситасини қабул қилигандан сўнг ножўя таъсири билан мурожаат қилган. Бемор болаларда асосан анурия кузатилган.

«17 та болаларда касаллик ниҳоятда оғир кечди. Ҳатто бир неча гемодиализ сеансларини ўтказишга ҳам тўғри келди. 15 нафарида ўлим ҳолати кузатилди», — дейилади мактубда.

Шундан сўнг, 22 декабрдан бошлаб ушбу дори воситасининг бутун Ўзбекистон бўйлаб сотуви вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда «Quramax Medical» МЧЖ томонидан реализация қилинган ташкилотларга хабар юборилган.

Орадан бир неча кун ўтиб, болалар омбудсманı Алия Юнусова Жиззах, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларидан 18 нафар бола вафот этгани ҳақида хабар берди. Кейинроқ Қашқадарёда сироп ичган яна бир бола вафот этгани маълум бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев «Док-1 Макс» Мах сиропини қабул қилган болалар ўлими ҳақидаги маълумотлар вазирликдан яширилганини айтди.

Давлат хавфсизлик хизмати ушбу ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилгани ва импорт қилувчи «Quramax Medical» компанияси ва Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази мансабдор шахслари ҳибсга олингани ҳақида маълум қилди.

29 декабрь куни «Док-1 Макс» сиропини қабул қилиб вафот этган болалар ҳақида хабар берган Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори, профессор Маматқул Азизов эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани ҳақида ССВ «Газета.uz»га маълум қилди.