Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Док-1 Макс» сиропини қабул қилиб вафот этган болалар ҳақида хабар берган Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори, профессор Маматқул Азизов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Азизов ва яна олти нафар тиббиёт ходимининг ишдан бўшатилиши сабаблари сўралганда, вазирлик пайшанба куни шу юзасидан брифинг ўтказишини ва саволларга ўша ерда жавоб берилишини маълум қилди.

Аввалроқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги «хизмат вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлганлиги, болалар ўлими ҳолатларини ўз вақтида таҳлил қилмагани ва зарур чоралар кўрилмагани учун» етти нафар мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани, қатор мутахассисларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўллангани ҳақида хабар берган эди.

Kun.uz хабарига кўра, Маматқул Азизовдан ташқари қуйидагилар ҳам ишдан олинган бўлиши мумкин:

  • Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари С.Мўминов;
  • Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси оналик ва болалик саломатлигини ривожлантириш бўлими бош мутахассиси С.Расулов;
  • Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази директори М.Азизов;
  • Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг гемодиализ бўйича мутахассиси Б.Ғаниев;
  • Тойлоқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Олмазор ОШП мудири Х.Музаффаров, оилавий шифокори У.Маҳмудов, доя ҳамшираси М.Сиддиқова.

Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистон ишлаб чиқарувчиси Marion Biotech томонидан «Док-1 Макс» дорисини қабул қилган болаларнинг ўлими Маматқул Азизовнинг 15 декабрдаги хатидан маълум бўлди. Унда айтилишича, охирги 2 ойда 21 нафар бемор шу дори воситасини қабул қилигандан сўнг ножўя таъсири билан мурожаат қилган. Бемор болаларда асосан анурия кузатилган.

«17 та болаларда касаллик ниҳоятда оғир кечди. Ҳатто бир неча гемодиализ сеансларини ўтказишга ҳам тўғри келди. 15 нафарида ўлим ҳолати кузатилди», — дейилади мактубда.

Шундан сўнг, 22 декабрдан бошлаб ушбу дори воситасининг бутун Ўзбекистон бўйлаб сотуви вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда «Quramax Medical» МЧЖ томонидан реализация қилинган ташкилотларга хабар юборилган. Шунга қарамай, аҳоли «Док-1 Макс» дан фойдаланиш хавфи ҳақида оммавий огоҳлантириш олмаган.

Орадан бир неча кун ўтиб, болалар омбудсманı Алия Юнусова Жиззах, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларидан 18 нафар бола вафот этгани ҳақида хабар берди. Кейинроқ Қашқадарёда сироп ичган яна бир бола вафот этгани маълум бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев «Док-1 Макс» Мах сиропини қабул қилган болалар ўлими ҳақидаги маълумотлар вазирликдан яширилганини айтди.

Давлат хавфсизлик хизмати ушбу ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилгани ва импорт қилувчи «Quramax Medical» компанияси ва Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази мансабдор шахслари ҳибсга олингани ҳақида маълум қилди.