Энергетика вазирлиги штаби томонидан ўтказилган тунгги назорат тадбирларида Тошкент шаҳридаги айрим автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) ноқонуний фаолият юритиб келаётганлиги аниқланди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Хусусан, Янгиҳаёт туманида жойлашган Energomashtrans impex (Shaffof) МЧЖ «заправка»си ўзбошимчалик билан белгиланган ўчириш графигига риоя этмаган ҳолда ўрнатилган бир марталик тамғаларни бузиб, кўча ёритиш чироқларини ўчирган ҳолда яширинча фаолият кўрсатаётганлиги маълум бўлди.

Мазкур АГТКШ бугунги кунга қадар 2 маротаба қоидабузарликка йўл қўйганлиги сабабли унга 4 декабрь куни 50 400 метр куб (50,4 млн сўм) ва 21 декабрь куни 921 600 метр куб (921,6 млн сўм) қайта ҳисоб-китоб қилинди.

29 декабрь куни ўтказилган тадбирда АГТКШнинг модем қурилмаси ўчирилганлиги ва табиий газдан ўзбошимчалик билан фойдаланиб келаётганлиги сабабли 460 800 метр куб (460,8 млн сўм) қўшимча ҳисоб-китоб қилинди ҳамда табиий газ етказиб бериш тўхтатилди.

Шунингдек, Сергели тумани Янги Тошкент ҳалқа йўлида жойлашган Мega oil biznes МЧЖга қарашли АГТКШ белгиланган ўчириш графигига риоя этмаган ҳолда ўзбошимчалик билан фаолият кўрсатаётганлиги маълум бўлди. Ушбу АГТКШнинг газ ҳисоблагичи белгиланган тартибга кўра уланиш нуқтасида жойлашиши ўрнига шохобча ҳудудида ўрнатилган.

»газ

Тадбир давомида АГТКШнинг газ ҳисоблагичини кўздан кечириш имконияти бўлмаганлиги сабабли, АСКУГ тизими орқали ўрганилганда «Ҳудудгазтаъминот»нинг метрологлари томонидан газ ҳисоблагичнинг параметрлари ўзгартирилганлиги бўйича хулоса қилинди.

Мазкур АГТКШ белгиланган кунлик газ сарфини яширинча камайтириб кўрсатиб келаётганлиги маълум бўлди ва унга табиий газ етказиб бериш тўхтатилди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.

газ заправка, тошкент, энергетика вазирлиги