Қашқадарё вилоятида Lacetti вояга етмаган болани уриб кетган. Жабрланувчи вафот этган. Машина видео камерасидаги тасвир кўриб чиқилгандан сўнг ҳайдовчи айбсиз деб топилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2022 йил 24 август куни соат тахминан 08:30 ларда фуқаро Т.Э. бошқарувидаги Lacetti автомашинасини «Қарши-Талликурон-Жейнау-Помуқ» автомобиль йўлидан Қарши шаҳри томон бошқариб бориб, ушбу йўлнинг Қарши тумани «Талликурон» МФЙ ҳудудидан ўтган 10−11-км оралиғида йўлни чап томонидан ўнг томонига югуриб кесиб ўтаётган вояга етмаган У.М.ни автомашинасини олд чап томони билан уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Оқибатда вояга етмаган У.М. жароҳат олиб, ҳодиса жойда вафот этган.

Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Қарши туман ИИБ навбатчилик қисмида қайд этилиб, шу вақтнинг ўзида ҳодиса содир бўлган жой Қарши тумани ИИБ ҳузуридаги тергов тезкор гуруҳи томонидан кўздан кечирилган. Кўздан кечириш давомида, Lacetti автомашинада мавжуд қайд этиш видео камераси процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Мазкур йўл-транрспорт ҳодисаси бўйича ҳақиқий ҳолатни аниқлаб, қонуний қарор қабул қилинишини таъминлаш мақсадида 24 августда Қарши тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича фуқаро Т.Э.га тегишли бўлган Lacetti автомашинасининг қайд этиш видео камерасининг хотира чипи кўздан кечирилганида, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлишига қадар вояга етмаган У.М. йўлнинг Касби тумани йўналиши бўйича четида қариндошлари Х.С. ва вояга етмаган Т.З. билан бирга турган ва у Касби тумани йўналиши томон ҳаракатланган Lacetti автомашинасини ўтказиб юбориб, қарама-қарши, яъни Қарши шаҳар йўналиши томон ҳаракатланиб бораётган фуқаро Т.Э. бошқарувидаги автомашинани келаётганига эътибор қаратмасдан (ўтказиб юбормасдан) йўлнинг нариги томонига ўтиш учун югургани оқибатида ҳайдовчининг ҳаракат йўналишида йўл-транспорт ҳодисаси содир этилгани аниқланган.

Жиноят иши бўйича судга оид тиббиёт ва автотехник экспертизалари тайинланган.

Х.С.Сулаймонова номидаги Республика Суд экспертиза маркази Қашқадарё вилоят бўлимининг 21 сентябрдаги экспертиза хулосасида:

  • вояга етмаган пиёда йўлнинг чап қисмида ҳаракатини бошлаб, уни автомобиль уриб юборган жойгача 1,0 секунд вақтда босиб ўтган бўлса, Lacetti русумли автомобиль ҳайдовчиси тормоз бериш йўли билан ҳодисани олдини олиш техник имкониятига эга бўлмаган;
  • Lacetti русумли автомобиль ҳайдовчиси қарорда кўрсатилган тезликда ҳаракатланиб, йўналиши бўйича чапдан ўнгга югуриб чиққан вояга етмаган пиёдани 10,0 метр узоқ масофадан кўриб, тормоз бериш йўли билан ҳодисани олдини олиш учун техник имкониятига эга бўлмаган;
  • ушбу вазиятда Lacetti русумли автомобиль ҳайдовчисининг ҳаракатлари «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 77-банди талабларига мос бўлгани таъкидланган.

Ижтимоий тармоқ орқали мурожаат қилган марҳум вояга етмаган У.М. нинг отаси М.Н. йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган йўлда 3.24 (30 км/соат тезликдан юқори тезликда ҳаракатланиш тақиқланади) йўл белгиси ўрнатилган бўлишига қарамасдан, ҳайдовчи катта тезликда келиб, ўғлини уриб юборганини маълум қилган.

Бироқ, ушбу йўлга хизмат кўрсатувчи «Қашқадарё йўлларидан мунтазам фойдаланиш» УКнинг маълумотномасида, 4Р-92 «Қарши- Талликурон-Жейнау-Помуқ» автомобиль йўлининг Қарши тумани «Талликурон» МФЙ ҳудудидан ўтган 10−11-км.да 3.24 (30 км/соат тезликдан юқори ҳаракатланиш тақиқланади) йўл белгиси 2022 йилнинг 5 сентябрь куни, яъни ҳодиса содир бўлган кундан кейин ўрнатилгани қайд қилинган.

Фуқаро Т.Э. ҳаракатларида жиноят аломатларини борлигини кўрсатувчи далиллар аниқланмганлиги сабабли, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми қўзғатилган жиноят иши 29 сентябрда Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисмига асосан тугатилган.

Жиноят иши туман прокуратураси томонидан 8 октябрда назорат тартибида ўрганиб чиқилиб, Қарши туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмасининг жиноят иши тугатиш тўғрисидаги қарори асосли деб топилган.