Ахборот кодекси лойиҳаси: Жамоатчилик нимадан норози?

Ахборот кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгач фаолларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Жумладан, Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси Нозима Давлетова 45-моддани «хавфли» деб атади. Нурбек Алимов эса «7-модда ҳар қандай блогер ёки ОАВни синдириб юбориши мумкин»лигини таъкидлади.

Байрам кунлари аҳоли «свет» ва газдаги қарздорлик учун тармоқдан узилмайди

Энергетика вазирлиги байрам кунларида аҳоли электр энергияси ва табиий газдаги қарздорлик учун тармоқдан ажратилмаслигини маълум қилди. Истеъмолчилар ушбу ресурслар учун байрам кунлари ҳам онлайн равишда тўлов қилиши мумкин.

Самарқанд вилоятининг туризм салоҳияти оширилади

Самарқанд аэропортида 2023 йил 1 февралгача туристик ахборот маркази ташкил этилади. 2026 йил 1 январга қадар тадбиркорлар 4 ва ундан юқори юлдузли меҳмонхоналар фаолияти учун товарларни олиб киришда божхона тўловларидан озод қилинади.

Тошкент вилоятида 2,1 млн кВт-соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган корхона аниқланди

Янгийўл туманида жойлашган текстиль корхонаси 10,5 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қиладиган электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланди. Бунинг натижасида энергетика тизимига 1,4 млрд сўм зарар етказилди.

Йил давомида иккиламчи автомобиль бозори қандай ўзгарди?

ИТИМ таҳлилига кўра, 2022 йил давомида иккиламчи бозорда автомобиллар нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўртача 12−15 фоизга ошди. Бунда электромобиллар улуши 2,3 фоизни ташкил этди. Сотувдаги машиналарнинг 70 фоизи маҳаллий автомобиллар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Тошкентда Ўзбекистоннинг бош арчаси порлади

Миллий кутубхона яқинида Ўзбекистоннинг бош арчаси ўрнатилди. У ерда меҳмонлар учун сунъий муз майдони мавжуд ҳамда кўнгилочар дастур ташкилэтилди.

Россияда 1 ёшли ўзбекистонлик қиз ўйинчоқ батарейкасини ютиб юбориши оқибатида вафот этди

Санкт-Петербургда батарейкани ютиб юборган ўзбекистонлик 1 ёшли қиз тахминан 3 ой ўтиб вафот этди. Ота-она шифокорга мурожаат қилмаган. Улар қизи ютиб юборган жисм танани ўз-ўзидан тарк этади деб ўйлаган.

Корея Республикаси «Олмалиқ КМК»га 12 млн доллар грант ажратади

Жорий йилнинг 25 декабрь куни Корея Миллий Ассамблеяси Олмалиқ кон-металлургия комбинатига 15 млрд вон ($12 млн) миқдоридаги грант ажратиш бўйича қарор қабул қилди. Мазкур маблағлар ҳисобидан ўзбек-корейс илмий техник маркази қошида саноат тажриба цехи ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Сирдарёда мактабга қайиқда қатновчи қиз ва оиласи учун дарёда махсус ускунали трос тортилади

Тармоқларда ёш қизалоқ мактабдан қайтишда Сирдарё дарёсидан қайиқ орқали сузиб ўтаётгани акс этган видео кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганди. Вилоят ҳокими в.б. Акмал Махмудалиев қиз ва онаси билан учрашди. Ҳоким улар учун дарё қирғоқларини боғловчи махсус ускунали трос тортилишини маълум қилди.

Ўзбекистонда 21 ёшгача бўлган шахсларга тамаки ва спиртли ичимликлар сотиш тақиқланади

Сенат 21 ёшгача бўлган шахсларга тамаки маҳсулотлари, электрон сигареталар ва спиртли ичимликларни интернет ҳамда савдо автоматлар орқали сотишни тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Тақиқлар рўйхати сезиларли даражада кенгайтирилди.

Ўзбекистонда болалар ва ҳомиладор аёллар мавжуд бўлган транспортларда чекиш тақиқланади

Ўзбекистонда болалар ва ҳомиладор аёллар мавжуд бўлган транспортларда спиртли ичимликлар, тамаки ва электрон сигареталардан фойдаланиш тақиқланади. Янги қонунга, эскисидан фарқли ўлароқ, жамоат жойларининг батафсил рўйхати киритилди (Рўйхат).

Ер усти метро линияси фақат бир кун кеч иш бошлади

Тошкент метрополитенининг ер усти ҳалқа линиясида поездлар соат 07:10 дан ҳаракатлана бошлаши ҳақида хабар берилганди. «Газета.uz»нинг аниқлик киритишича, бу тартиб фақат бир кун — 28 декабрь учун жорий этилган.

Ўзбекистонда адвокатлар қўшимча қиймат солиғи тўламайди

Эндиликда Ўзбекистонда адвокатлар қўшимча қиймат солиғи тўламайди. Бу ҳақдаги норма Қонунчилик палатасида ўтган йиғилишда қонун лойиҳасидан чиқариб ташланди.

Банкларда долларнинг сотиш курси 25 сўмга арзонлади

Тижорат банклари 28 декабрь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 145 — 11 210 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса аксар банкларда 11 225 сўм.

Адлия вазирлиги «Газета.uz»нинг Нукус воқеалари бўйича репортажини «ОАВда ҳуқуқ» танловида энг яхши деб топди

Адлия вазирлиги «Газета.uz»нинг Нукус воқеаларига оид «Нукусдаги вазият: тинч, аммо хавотирли» репортажини ҳуқуқни тарғиб қилувчи материаллар ўртасида ўтказилган танловда биринчи ўринга лойиқ кўрди.

11 ой давомида Ўзбекистондаги хорижий компаниялар қарийб $45 млрд солиқ тўлади

ДСҚ тақдим этган маълумотларга кўра, январь-ноябрь ойларида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган хорижий компаниялар 44,8 млрд сўм солиқ тўлагани маълум бўлди. Бунда, тўланган солиқларнинг 98 фоизи электрон хизматлар кўрсатувчи 10 та хорижий компания ҳиссасига тўғри келмоқда.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Каримов кўпроқ онага урғу беришни сўраганди» — Мустақиллик майдонидаги Бахтиёр она ҳайкали очилганига 17 йил тўлди

Мустақиллик майдонидаги 1992 йили «вақтинча» ўрнатилган глобус (Озодлик обидаси) тагига 17 йил аввал она ва бола ҳайкали қўйилганди. У салкам 15 йил Ўзбекистоннинг олий меҳмонлари учун биринчи манзил бўлди, Ислом Каримов эса бу монумент «келин-куёвлар учун севимли қадамжо»га айланишига ишонганди.