Ўзбекистон президенти 24 декабрь «Самарқанд вилоятининг туризм ва транспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш, вилоятни «Самарқанд — Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси» концепцияси асосида ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, Самарқандда 2023 йилда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси ўтказилади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ҳудудлари ва хорижий мамлакатларда «Самарқанд — Янги Ўзбекистоннинг туристик дарвозаси» мавзусида тарғибот кампанияси ўтказилиб, шаҳарнинг туристик салоҳияти, Самарқанд халқаро аэропорти имкониятлари намойиш этилади.

Самарқанд вилоятини авиа, темир йўл ва автомобиль транспорти билан боғланган ҳамда аэропортни республика ҳудудлари билан боғлаш имконини берувчи йирик транспорт-логистика хабига айлантириш режалаштирилган.

Самарқанд аэропортда хорижий авиаташувчилар учун муқобил жойлаштириш (базировка) тизимини жорий этилади.

Қарорга кўра, Самарқанд аэропортида:

  • 2030 йил 1 январга қадар хорижий авиакомпанияларнинг парвозларини амалга ошириш учун Аэропортни бошқариш бўйича хусусий шерик (кейинги ўринларда — хусусий шерик) ҳам рухсатнома олиш учун Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигига илтимоснома билан мурожаат қилади;
  • учиш учун рухсатномани бериш масаласи Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги томонидан авиақатновларни амалга ошириш учун хорижий авиакомпаниялар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар топширилган кундан бошлаб кўпи билан 96 соат давомида, чартер парвозлар учун эса 24 соат давомида кўриб чиқилади;
  • туристларга хизмат кўрсатиш учун туризм ахборот марказлари ташкил этилади.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектлари:

  • белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатларга асосан 4 юлдузли ва ундан юқори тоифага эга бўлган меҳмонхонани ташкил қилиш ва/ёки фаолиятини амалга ошириш учун асбоб-ускуналар, махсус техникалар, ёқилғи-мойлаш материаллари, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлари, хомашё ва материаллар, ўсимликлар, мебель, инвентарлар ва бошқа зарур бўлган товарларни олиб кирганда божхона божини тўлашдан;
  • Самарқанд туристик маркази ҳудудида объектларни қуриш учун «вақтинча олиб кириш» божхона режимига олиб кириладиган махсус техникалар, механизмлар ва технологик ускуналар учун даврий божхона тўловларини тўлашдан озод этилади.

Самарқанд вилоятининг Пайариқ, Самарқанд ва Тойлоқ туманлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги ПҚ-104-сон қарори билан тасдиқланган Меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, умумий овқатланиш, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун махсус солиқ режими жорий этиладиган туман ва шаҳарлар рўйхатига киритилади.

Транспорт вазирлигига 2023 йил 1-центабрга қадар тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларни жалб қилган ҳолда шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда автобуслар қатнови тизимини яратиш ҳамда унга Uzbus платформаси орқали чипталар харид қилиш тартибини таъминлаш топширилди.