Ўзбекистон Ахборот кодекси лойиҳаси 14 декабрь куни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинганди. Шундан сўнг президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат жамоатчилик вакиллари, айниқса, блогер ва журналистларнинг бир қанча эътирозларига сабаб бўлди.

«Газета.uz» қуйида қонуннинг қабул қилиниш зарурияти, унда қандай ўзгаришлар назарда тутилаётгани ҳақида сўз юритади ва фаолларнинг муносабатини келтиради.

Лойиҳа моҳияти ва мазмуни

Ҳужжат 50 та манфаатдор вазирлик ва идорадан келишувдан ўтказилган бўлиб, 5 та моддадан ташкил топган. Ушбу қонунга илова тарзида 4 та бўлим, 14 та боб, 131 та моддадан иборат бўлган Ахборот кодекси тасдиқланмоқда.

Кодексда қуйидаги 8 та қонун ўзаро унификация қилиниши орқали тизимлаштирилган:

  • «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун;
  • «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонун;
  • «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги қонун;
  • «Болаларни уларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун;
  • «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари очиқлиги тўғрисида»ги қонун;
  • «Журналистлик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун;
  • «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонун;
  • «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги қонун.

Таъкидланишича, қонунни шакллантиришда ахборот қонунчилиги Ўзбекистон қонунчилигига қисман яқин ҳисобланган МДҲ давлатлари тажрибаси ҳамда МДҲ ПА Ахборот кодекси модель лойиҳаси ўрганилган.

Янги қонун нима беради?

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши натижасида фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий асослари такомиллашади, яъни ахборот соҳасининг тарқоқ ҳолдаги, бироқ мазмунан ўхшаш ва тартибга солиш қамрови ўзаро яқин бўлган 8 та қонун битта норматив-ҳуқуқий ҳужжат шаклида бир кодексга жамланади, улардаги айрим эскирган ва уз кучини йўқотган нормалар чиқариб ташланиб, ўрнига амалдаги қоидалар киритилади, дейилади лойиҳа иловасида.

Асосий ўзгаришлар ва муносабатлар

Лойиҳанинг 4-моддаси (Ахборот олиш эркинлиги)да «Ахборот олиш фақат қонунга мувофиқ ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, конституциявий тузум асослари, жамиятнинг ахлоқий қадриятлари, мамлакатнинг маънавий, маданий ва илмий салоҳиятини муҳофаза қилиш, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чекланиши мумкин» экани таъкидлаб ўтилган.

Кодекс лойиҳасининг 6-моддасида эса ахборот очиқ ва ошкора бўлиши кераклиги, махфий ахборот бундан мустаснолиги ва қандай ахборот махфий эмаслиги келтириб ўтилган, аммо махфий ахборот турлари бўйича аниқ изоҳ ва маълумот айтиб ўтилмаган.

Шунингдек, 8-модда (Ахборотнинг ҳаққонийлиги)да «Ахборот аниқ ва ҳаққоний бўлиши керак. Ахборотни бузиб талқин этиш ва сохталаштириш тақиқланади. Оммавий ахборот воситалари, ахборот тарқатувчилар, блогерлар ўзлари тарқатаётган ахборотнинг ҳаққоний эмаслиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар» дейилган.

Бу модданинг сўнгги қисми «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг (7-модда) тўлдирилган шакли бўлиб, унда тарқатилаётган ахборотнинг ҳаққоний эмаслиги учун нафақат ОАВ ва ахборот манбаи, балки ахборот тарқатувчилар ҳамда блогерлар ҳам жавобгар экани кўрсатилган.

Блогер Нурбек Алимов ушбу модда юзасидан шундай пост қолдирди: «Мана бу моддани қаранг, бу модда билан ҳар қандай блогерни, ОАВни судлаб синдириб юбориш мумкин. Масалан, бирорта ОАВ сайтида материал чиқди, сен у сайтга ишонасан, авторитети баланд. Шунга таяниб ёзсанг, сен ҳам қамаққа марҳамат, агар унинг хабари ёлғон деб топилса. Бўмапти. Жазолаш илк манбага нисбатан бўлиши керак. Ҳаммада ҳам инсайдерлар йўқ мустақил тасдиқлатиб олиш учун. Хабарнинг ёлғонлиги суд томонидан исботлангач, қолган манбалар бу хабарни ўчириб юбориш мажбуриятини олиши керак, холос, жазоланиш керакмас бошқа ОАВга таяниб ёзган муаллифлар».

Telegram`даги «Habikatura» канали блогерлар номи ҳам жавобгарликда келтирилганига атаб қуйидаги карикатурани эълон қилди:

ахборот кодекси, блогерлар, жамоатчилик эътирози, журналистлар, оав

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ҳам 8-моддага эътибор қаратиб, кодексда «нотўғри», «нохолис», «ишончсиз», «ҳаққоний» каби гаплар камроқ ёки умуман бўлмаслиги тарафдори эканини билдирди.

«Ким ва қандай белгилайди у ёки бу хабарнинг нотўғри ё ишончсиз эканини? Нега айнан ўчириб ташлаш керак, раддия берса етарли эмасми? Баҳсли масалалар, хуллас. Ҳам, қайсидир маънода, эркинликни чеклайди. Айниқса, ОАВ ахборот манбаи билан биргаликда жавобгар бўлиши ҳақидаги гап. Жавобгарлик ахборот манбаига ўтиб кетадиган бўлса (нафақат расмий ва агентлик хабарлари билан боғлиқ ҳолатларда, балки барча ҳолатларда ҳам), яхшироқ бўларди», — дейилади постда.

Журналист, шунингдек, кодекс ҳозирда мавжуд 10 га яқин ҳужжатнинг жамланмаси экани, юқорида келтирилган «ОАВ ўзи тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади», деган норма аслида 20 йил аввал ёзиб қўйилганини таъкидлаган.

«Айтмоқчи бўлганим, шунча оворагарчилик билан янги бир ҳужжат қабул қилинаётган экан, шу баҳона эски, ёшини яшаб, ошини ошаб бўлган ҳужжатлар бекор қилинаётган экан, кодексга блогер, интернет ва яна бир қатор янгича сўз ва тушунчаларни киритиш билан кифояланмайликда, охирги беш-олти йилдан бери эълон қилинаётган баёнот ва ваъдаларга мос келмайдиган нормаларни ҳам чиқариб ташлайлик», — дея ўз таклифини берган блогер.

Бундан ташқари, «Бир жинслилар ўртасидаги ғайритабиий алоқаларни тарғиб қилиш» ибораси амалдаги қонунларда мавжуд эмас, бироқ таклиф этилаётган кодекс лойиҳасининг икки моддасида учрайди.

45-модда. Интернет жаҳон ахборот тармоғида ахборот хавфсизлигини таъминлаш — ушбу модда Ахборотлаштириш тўғрисидаги қонуннинг 12−1-моддаси «Ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш»нинг тўлдирилган шакли ҳисобланади:

«Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг ёхуд бошқа ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан ёхуд бошқа ахборот ресурсидан… порнографияни, зўравонликни ва шафқатсизлик, бир жинслилар ўртасидаги ғайритабиий алоқаларни тарғиб қилиш, шунингдек ўз жонига қасд қилишга даъват этиш… мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймаслиги шарт».

54-модда. Оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги — ОАВ тўғрисидаги қонунинг шу номдаги 6-моддасининг тўлдирилган шакли: «Оммавий ахборот воситаларидан… порнографияни, бир жинслилар ўртасидаги ғайритабиий алоқаларни тарғиб этиш… мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди».

Лойиҳанинг 79-моддаси оммавий ахборот воситалари учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланиши билан боғлиқ. Унда ОАВ фото ва видеоматериалларни тайёрлаш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда рухсатнома олиш орқали тегишли давлат органи томонидан белгилаб берилган ҳудудларда, 100 метргача бўлган баландликда, вазни 3 кгдан зиёд бўлмаган учувчисиз учадиган аппаратлар (дрон)дан фойдаланиши мумкин бўлиши келтирилган.

Таъкидланишича, тегишли рухсатнома берилган учувчисиз учадиган аппаратлардан таҳририят ходимининг шахсий манфаатларида фойдаланиш тақиқланади.

Лойиҳада, шунингдек, блогер, болаларнинг соғлиғи, болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот каби тушунчаларга ҳам изоҳ бериб ўтилган.

45-модда — хавфли

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Нозима Давлетова ўзинининг Facebook саҳифасида қонун лойиҳаси бўйича муносабат билдириб, «бундай кодексни яратиш ғоясининг ўзи жуда ажойиб» экани ҳақида ёзди.

Шунингдек, у лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилишидан олдин якуний ҳужжатнинг айрим бандлари давлат назоратчиси томонидан Масс-медиа фондига тақдим этилмагани уни ташвишга солаётганини ҳам айтиб ўтди.

«Жамият, давлат ва давлат рамзларига нисбатан таҳқирловчи характерга эга ёки ҳурматсизлик (шунингдек, беҳаё сўзларни ишлатган ҳолда) ифодаланган ахборотни чеклаш тўғрисида»ги 45-модда хавфлидир. Биз ҳар қандай фуқарони жиноятчига айлантира оладиган бундай мавҳум таърифлар билан сўз эркинлигини ҳимоя ҳам қила олмаймиз ва, албатта, мустаҳкамлай ҳам олмаймиз. Бусиз ҳам, журналистлар ва блогерларнинг кучли шахсий цензураси ҳамда эндиликда улардаги мавжуд қўрқув, ҳақиқий сўз эркинлиги ривожланишига фақатгина тўсиқ бўлиши мумкин, холос», — дейди фонд Васийлик кенгаши раиси.

Унинг сўзларига кўра, тартиб ва қонунларга риоя этиш ҳар икки томоннинг муштарак ҳаракатлари билан амалга оширилса, самарали кечади.

«Ҳуқуқий жамият учун давлат идораларининг очиқлиги, журналистиканинг юқори стандартлари, медиасаводлик қонунлардаги ноаниқ тушунчалардан кўра сермаҳсулроқдир. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди сўз эркинлиги тўғрисидаги ҳар қандай қонун ҳужжатларига аниқ ва тушунарли таърифларни киритишга чақиради. Ахир мақсад тақиқлар жамиятини эмас, балки ҳуқуқий жамиятни яратишда-ку, шундай эмасми?» — дея якунлади Нозима Давлетова.

Маълумот учун, АОКА тақдим этган мазкур қонун лойиҳаси муҳокамалари 29 декабрь куни якунига етади.