Россия Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича бош бошқармаси маълумотига кўра, шаҳардаги болалар касалхонасида бир ёшли ўзбекистонлик қизалоқ ўйинчоқ батарейкасини ютиб юбориши оқибатида вафот этди.

«Тергов органлари 2021 йилда туғилган қизнинг ўлими факти бўйича терговга қадар текширув ўтказмоқда. Тиббий муассасада операция ўтказилиб, унинг танасидан батарейка чиқариб олинди», — дейилади хабарда.

Фрунзе тумани прокуратураси назоратида боланинг ўлими сабабларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланган.

«Фонтанка» нашрининг ёзишича, вафот этган қизнинг ота-онаси Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Бола ўлимидан тахминан уч ой олдин ўйинчоқ батарейкасини ютиб юборган. Бироқ ота-она шифокорга мурожаат қилмаган. Улар қизи ютиб юборган жисм танани ўз-ўзидан тарк этади деб ўйлаган.

Ота-она тез ёрдам хизматини 4 декабрь куни чақалоқнинг аҳоли оғирлашгандагина чақирган. Аввалига 3-болалар шифохонасига олиб борилган, кейин ошқозонида бегона жисм борлиги аниқлангач, 5-сонли болалар шифохонасига ўтказилган. Қизалоқнинг аҳволи ўта оғир деб баҳоланган. 25 декабрь куни операция вақтида шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, бола вафот этган.

Филатов номидаги 5-сонли шаҳар болалар клиник шифохонаси эндоскописти, эндоскопия (меъда, тўғри ичак, қовуқ, бронхлар ва бошқаларни текшириш усули) бўлими мудири Лидия Лопатина болаларга қандай ўйинчоқларни бермаслик кераклиги, юқоридаги каби жисмлар ютиб юборилганда ошқозон-ичак фаолиятида қандай ўзгаришлар бўлиши ва дарҳол кўрилиши керак бўлган чоралар ҳақида маълумот берди.

«Бу сафар Санкт-Петербургда яна бир фожиа юз берди — бир ёшли чақалоқ батареяни ютиб юбориб вафот этди. Бола саломатлиги учун энг катта хавф қизилўнгачга тиқилиб қолган батареялардир. Улар оғир асоратларга олиб келади ва баъзида ўлим хавфини келтириб чиқаради», — дейди шифокор.

Унинг тушунтиришича, бундай ҳолатларнинг жиддий оқибатларига мисол сифатида қизилўнгач деворининг перфорацияси (ёрилиши, тешилиши)ни келтириш мумкин. Шунингдек, қон томирларининг шикастланиши, қон кетиши, медиастинит (кўкрак қафасидаги яллиғланиш) каби асоратлар ҳам кузатилиши мумкин, бу ҳам фожиали оқибатларга олиб келади.

Батарейкалар танага тушганидан сўнг ўзидан кимёвий моддаларни чиқара бошлайди, магнит шарчалар бир-бирига тортилиши ортидан ичак деворлари тешилиши мумкин. Бундай ҳолларда шошилинч операция ўтказиш шарт.