Ижтимоий тармоқларда тарқалган Сирдарё вилоятида ёш қизалоқ мактабдан қайтишда дарёдан қайиқ орқали сузиб ўтаётгани акс этган видео кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Унда қизалоқ дарёнинг бир қирғоғидан иккинчисига ёлғиз ўзи сузиб ўтаётганини кўриш мумкин. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ходимининг «Газета.uz»га маълум қилишича, видеода акс этган ҳолат иштирокчиси — Замира Тўйчиева Тошкент вилояти Бекобод тумани Янги ҳаёт маҳалласида яшайди.

«У мактаби уйидан 40 километр узоқликда бўлгани сабабли нисбатан яқин ҳудуд — Гулистон туманидаги мактабларнинг бирига қайиқ орақали ота-онаси назоратида сузиб боради. Тарқалган видеода фақат шу сафар ёлғиз ўтишга тўғри келиб қолган», — деди вазирлик ходими.

Сирдарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Акмал Махмудалиев қизнинг онаси билан учрашиб, Замира Тўйчиевага ўқишда фойдаланиши учун ноутбук, китоблар жамланмаси ҳамда янги йил совғаларини берган.

дарё, сирдарё

Шунингдек, ҳокимнинг тегишли кўрсатмаси билан ҳокимият масъуллари, вилоят ФВБ бошлиғи, Бекобод тумани ҳокими ҳамда мутасадди ташкилотлар қизнинг хонадонида бўлган. Масъуллар қизнинг оила аъзолари билан суҳбатлашиб, дарёдан хавфсиз ўтишлари бўйича тавсияларни берган.

дарё, сирдарё

ФВВ матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Махмудалиев назоратида қиз ва унинг оила аъзоларини дарёдан хавфсиз ўтишларини таъминлаш мақсадида дарё қирғоқларини боғловчи махсус ускунали трос тортилиши белгиланган.