Адлия вазирлигида 27 декабрь куни «Оммавий ахборот воситаларида ҳуқуқ» танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Танлов ғолиблигига номзодлар ноодатий усулда, яъни жамоатчилик фаоллари ва экспертлардан иборат комиссия томонидан номзодлар тақдим этилиб, босма, электрон ОАВда, теле-радио эфирларда ва шахсий блогларда ниҳоясига етаётган 2022 йил давомида эълон қилинган материаллар орасидан танлаб олинди.

Фото: Адлия вазирлигиФото: Адлия вазирлиги

Ҳуқуқни тарғиб қилувчи энг яхши журналистик материал номинациясида биринчи ўрин «Газета.uz» бош муҳаррири Азамат Атажанов билан ҳаммуаллифликда ёзилган «Нукусдаги вазият: тинч, аммо хавотирли» репортажи ва инсон ҳуқуқлари, ҳуқуқни қўллаш, ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги туркум мақолалари учун журналист Шуҳрат Латиповга берилди.

Иккинчи ўринга суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳатларни ёритиб бориш юзасидан чиқарилган мақолалари учун Kun.uz сайти муҳбири Жамшид Ниёзов лойиқ кўрилди.

Учинчи ўрин билан XXI ASR газетаси бўлим мудири Нурхон Элмирзаева «Панжара ортида айтилган ҳақиқат» номли мақоласи учун тақдирланди.

«Ҳуқуқни тарғиб қилувчи энг яхши блогпост» номинацияси бўйича биринчи ўринга меҳнат қонунчилиги ҳамда давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунларни кенг жамоатчиликка етказишдаги материаллари учун «Юристкадр» Telegram канали асосчиси Саидали Мухторалиев лойиқ кўрилди.

Иккинчи ўринни Bakiroo Telegram канали асосчиси Отабек Бакиров «Ўзбекистон қонунлари ишламайдиган қишлоқ хўжалиги ҳақида» пости учун, учинчи ўринни юрист блогер Шерзод Эгамбердиев аҳолининг ҳуқуқий онгини оширувчи туркум контентлари учун эгаллади.

Мамлакатда қабул қилинаётган қонунчиликдаги янгиликлар, ижтимоий-сиёсий ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳатларни аҳолига холис ва тезкор етказишда муносиб ҳисса қўшаётган Sevimli каналининг Zamon дастури «Адлия эътирофи»га сазовар бўлди.

Фото: Адлия вазирлигиФото: Адлия вазирлиги

Адлия вазирлиги, шунингдек, жамиятда очиқлик, ҳуқуқ ва қонун устуворлигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерлар билан ҳамкорликни давом эттиришини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» «Пандемия 2020: чақириқлар, хулосалар, оқибатлар» танловининг «Адлия эътирофи» номинациясида ғолиб деб топилган эди.