25 декабрь куни Корея Миллий Ассамблеяси томонидан Олмалиқ кон-металлургия комбинатига 15 млрд вон (12 млн АҚШ доллари атрофида) миқдоридаги грант ажратилиши бўйича қарор қабул қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Мазкур грант маблағлари доирасида Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бирлашмасининг ўзбек-корейс илмий техник маркази қошида саноат тажриба цехи ташкил этилади.

Ушбу цехга замонавий лаборатория жиҳозлари ҳамда технологик ускуналари олиб келинади. У ерда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш дастурга асосланган ҳолда ишлаб чиқаришни модернизациялаш, янги технологияларни жалб қилиш бўйича тадқиқот ишлари олиб борилади.

Маълумот учун, «Олмалиқ КМК» 1949 йилда ташкил этилган. Комбинат Ўзбекистондаги энг йирик саноат корхоналаридан бири бўлиб, унинг ишлаб чиқариш қуввати Тошкент, Жиззах, Наманган, Сурхондарё вилоятларида жойлашган мис-молибден, қўрғошин-рух, олтин ва кумуш конларига асосланади.

2018 йилдан буён корхона бошқарув раиси сифатида Хурсанов Абдулла фаолият юритиб келмоқда.