Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистондан электр энергияси учун қарзи $100 млндан ошди

Афғонистон Ўзбекистон ва Тожикистондан электр энергияси учун $100 млндан ортиқ қарзи борлиги очиқланди. Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги қарзни тўлашда ушбу мамлакатларга пул ўтказишдаги қийинчиликлар тўсқинлик қилаётганини қайд этди. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Афғонистон томони ўтган йил давомида электр энергияси учун қарзни тўлиқ тўлаганини маълум қилди.

Ўзбекистонда 2606 км узунликда бетон қопламали ички йўллар қурилади

2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жами 2606 км узунликда цемент-бетон қопламали ички йўллар қурилади. Йўл манзиллари жамоатчилик фикри ва таклифлари асосида шакллантирилади.

Ўзбекистонга футбол бўйича Жаҳон кубоги олиб келинади

ФИФАнинг махсус турнеси доирасида Ўзбекистонга футбол бўйича Жаҳон кубоги олиб келинади. 6 июнь куни ўтказиладиган тақдимот доирасида футбол юлдузлари — Кристиан Карамбё ва Карлес Пуйолнинг иштирок этиши кутиляпти.

Аномал иссиқ ва қуруқ кунлар сони ортиб бормоқда — Ўзгидромет

Ўзбекистонда сўнгги йилларда аномал иссиқ кунлар сони йилига меъёрдаги 15−30 кундан 25−40 кунгача кўпайди. Қурғоқчилик даври давомийлиги кўп йиллик ўртача 30−70 кундан 50−80 кунгача кўтарилди, дея хабар қилди Ўзгидромет.

Бир ой ичида муомаладаги нақд пуллар рекорд даражада — 5,3 трлн сўмга ошди

Апрель ойида муомаладаги нақд пуллар ҳажми рекорд даражада — 5,3 трлн сўмга ошди. Марказий банк аввалроқ март ойининг иккинчи ярмида бошланган нақд пулга бўлган талаб кескин ошгани ҳақида хабар берган эди.

Германиянинг SAP компаниясига Ўзбекистонда минтақавий офис очиш таклифи билдирилди

Германиянинг ташкилотлар учун дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи SAP компаниясига Ўзбекистонда ўзининг минтақавий офисини очиш таклиф этилди.

Навоийда спорт анжомлари 1,4 млрд сўмга қиммат нархда сотиб олингани аниқланди

Навоий вилояти ХТБ спорт анжомларини ҳақиқий баҳосидан 787,8 млн сўмга, вилоятнинг собиқ туризм ва спорт бош бошқармаси мансабдорлари эса 598,9 млн сўмга қимматроқ сотиб олгани аниқланди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Азиз Абдуҳакимов ШҲТ туризм вазирларига доимий мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузишни таклиф қилди

Азиз Абдуҳакимов ШҲТга аъзо мамлакатлар туризм вазирларига ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадида доимий мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузишни таклиф қилди. Гуруҳга туризм вазирлари ўринбосарлари раҳбарлик қилади ва давлатлар ўртасида энг оммабоп туристик йўналишлар харитасини тузиб чиқади, трансчегаравий сайёҳлик алмашинуви имкониятларини ўрганади. Қолаверса, вазир қўшма туристик йўналишларни яратиш, электрон тижорат маҳсулотлари ва хизматларини жорий қилиш зарурлигини таъкидлади.

«Логистика биз учун заиф нуқта». Азиз Абдуҳакимов туризмни ривожлантириш ҳақида

Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон яқин вақт ичида тез-тез бориб туриладиган мамлакатлардан бирига айланиши, бироқ, ҳозирда «транспорт логистикасидек заиф нуқтаси» борлигини таъкидлади. У шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар доирасида ички туризмни ривожлантириш учун «Ягона туристик бренд» яратиш кераклигини айтди. Бундан ташқари, ШҲТ мамлакатлари доирасида туристик компаниялар ва сайёҳларга кешбэк тақдим этиш таклифи илгари сурилди.

Андижонда ўз жонига қасд қилишга уринган 5 ўқувчи қутқариб қолинди

Андижон вилоятида 2022 йилнинг дастлабки уч ойида 10 нафар мактаб ўқувчиси ўз жонига қасд қилган. Улардан 5 нафарининг ҳаёти қутқариб қолинган.

Бокс бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ЖЧда 2 та медални қўлга киритди

Бокс бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Азиза Ёқубова ва Моҳира Абдуллаева бронза медалини қўлга киритди. Бу ўзбек бокс мактаби тарихида катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатларда қўлга киритилган илк медаллардир.

Пойтахт ва 7 та ҳудуд ҳокимиятлари маҳаллий бюджетлар очиқлиги бўйича талабларни бузди

Тошкент шаҳри ва 7 та ҳудуд ҳокимиятлари очиқ маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид равишда маҳаллий бюджетларнинг ижроси ва биринчи чоракда маблағларни йўналтириш мақсадлари тўғрисидаги ахборотларни жойлаштирмаган. Улар Антикоррупция агентлиги томонидан огоҳлантирилди.

Андижонда ўқитувчи ўқувчини калтаклагани юзасидан изоҳ берилди

Пахтаобод туманида мактаб ўқитувчисининг 10-синф ўқувчисини уришига ўқувчининг педагог кўрсатмасига қўпол равишда жавоб қайтаргани сабаб бўлгани аниқланди. Ҳолат Андижон вилоят ИИБ томонидан ўрганилмоқда.

Наманганда ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилган шахс 4 йилга қамалди

Наманганлик 22 ёшли фуқаро Telegram тармоғи орқали ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилишда гумонланади ва ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг телефонини текшириш учун олиб қўяди. Бундан хавфсираган айбланувчи Фарғона орқали Қирғизистонга қочиб кетишга уринганида ушланди. У воқеа қандай бўлгани ва кимдан маслаҳат олиб турганини сўзлаб берди. Суд унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.