18 май куни Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов SAP компанияси вакиллари билан учрашди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

SAP (System Analysis Program Development) — 1972 йилда Германияда ташкил этилган, у ташкилотлар учун дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи йирик компания ҳисобланади. Унинг штаб квартираси Вальдорфда жойлашган ва 105 минг кўпроқ ходимга эга. 2018 йилда даромади 25,70 млрд еврога тенг бўлган.

Тошкентда ўтган учрашувда томонлар истиқболли йўналишларда, жумладан, таълим ва ИТ-тадбиркорлик соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик олиб бориш масалалари муҳокама қилинди.


Йиғилишда немис компанияси вакилларига бугунги кунда Ўзбекистонда хорижий IT-компаниялар ва IT-мутахассислари учун барча зарур шароитлар яратилгани ҳақида маълумот берилди. Хусусан, IT Парк резиденти бўлган хорижий IT-компанияларга инфратузилма ва солиқ имтиёзлари тақдим этилиши, хорижий IT-мутахассислар ва уларнинг оила аъзолари учун визалар олишнинг соддалаштирилган «IT-visa» тизими жорий этилгани айтилди.

Музокаралар давомида АКТ вазирлиги томонидан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида компанияга Ўзбекистонда минтақавий офисини очиш бўйича таклифлар берилди, дейилади хабарда.

Учрашувда шунингдек, компания иштирокида кадрлар малакасини ошириш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, янги телекоммуникация технологиялари ва хизматларини жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди.

АКТ соҳасида ҳамкорлик қилиш ва келгусида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фикрлар алмашилди.