Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан мансаб ваколатини суиитеъмол қилиш ва давлат мулкини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда департамент матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, Навоий вилоят халқ таълими бошқармаси ва «I.A.» МЧЖ моддий жавобгар шахслари «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талабларига зид равишда 2021 йил 30 июлдаги шартномага асосан 8 турдаги спорт анжомларини ҳақиқий баҳосидан 787,8 млн сўмга қиммат нархларда харид қилинганликлари аниқланган.

Шу каби ҳолат вилоятнинг собиқ туризм ва спорт бош бошқармасида ҳам қайд этилди. Ташкилотнинг моддий жавобгар шахслари 2021 йилнинг декабрь ойида 22 турдаги спорт анжомлари ҳақиқий баҳосидан 598,9 млн сўмга қиммат нархларда сотиб олганликлари аниқланди. Бунинг оқибатида давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилди, дейилади хабарда

Бундан ташқари, ўтган йилнинг декабрь ойида 8 нафар ўқувчининг Москва шаҳрига халқаро мусобақага бориб-келиш харажатларини ота-оналар томонидан тўлаб берилган бўлса-да, сохта ҳужжатлар расмийлаштирилиб 80 млн сўм бюджет маблағи ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.