Туркиянинг Истанбул шаҳрида 8−20 май кунлари бўлиб ўтаётган бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик спортчилар иккита бронза медални қўлга киритди, деб хабар берди МОҚ матбуот хизмати. Бу ўзбек бокс мактаби тарихида катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида эришилган илк медаллардир.

Азиза Ёқубова -50 килограмм вазн тоифасида терма жамоа ҳисобига илк бронза медалини келтирди. Ярим финалда у колумбиялик рақиби Ингрит Валенсияга ютқазиб қўйди (1:4).

Азиза Ёқубова ва Моҳира Абдуллаева. Фото: IBA.

+81 килограммдан юқори вазн тоифасида иштирок этган Моҳира Абдуллаева ҳам бронза медалини қўлга киритди. Моҳира жангнинг биринчи раундида жароҳат олиб, учрашувни давом эттира олмади ва ҳакамлар унинг рақиби марокашлик Хайжа Мардига муддатидан аввал ғалаба қайд этишди.