Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқувчисининг ўқитувчиси уни калтаклагани бўйича мурожаати акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Пахтаобод тумани ХТБ изоҳ берди.

Қайд этилишича, 28 апрель куни Пахтаобод туманидаги 13-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси А. Р шу мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси С. Ж.нинг синфхонага кириш тўғрисидаги кўрсатмасига қўпол равишда жавоб қайтарган. Педагог А. Р.нинг қўпол муомаласига жавобан унинг кўз қисмига уриб, тан жароҳати етказган.

Ҳолат юзасидан туман Халқ таълими бўлими томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, атрофлича ўрганилган ва рус тили фани ўқитувчиси С. Ж.га ўқувчи А. Р.га нисбатан қўпол муомалада бўлгани сабабли тегишли тартибда интизомий жазо чораси қўлланилган, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, С. Ж. мактабнинг ички тартиб-қоидаларига риоя этиши бўйича қатъий огоҳлантирилган, ўқувчи А. Р. билан эса мактаб ички тартиб-қоидаларига риоя этмаганлиги ва устозларга нисбатан одоб-аҳлоқ қоидаларига зид равишда муомала қилгани сабабли тушунтириш ишлари олиб борилган.

Шунингдек, Андижон вилояти ИИБ томонидан ҳолат ўрганилаётгани ҳамда унинг натижаси бўйича қўшимча ахборот берилиши маълум қилинди.

Аввалроқ Сурхондарёнинг Бандихон туманидаги 4-мактабда инглиз тили ўқитувчиси дарсга тайёрланмай келган ўқувчини калтаклагани акс этган видеолар тарқалган эди. Мазкур ҳолатга Халқ таълими вазирлиги ҳам муносабат билдириб, ўқувчиларга куч ишлатиш ҳолатини кескин қоралашини маълум қилди. Шунингдек, ҳодиса ортидан мактаб директорининг икки ўринбосари, синф раҳбари ва инглиз тили фани ўқитувчиси ишдан бўшатилгани айтилди.