Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, апрель ойида муомаладаги нақд пуллар ҳажми 5,3 трлн сўмга ошиб, жами 33,1 трлн етди. Бу Марказий банк пул агрегатлари бўйича статистик маълумотларни эълон қила бошлаган 2013 йил февраль ойидан бери рекорд ойлик ўсишдир.

Муомаладаги нақд пулнинг бундай кескин ўсиши охирги марта пандемия даврида — 2020 йилнинг май ойида (+2,5 трлн сўм) кузатилган эди.

Пул агрегатларининг деярли барча кўрсаткичлари бўйича ўсиш кузатилмоқда, чет эл валютасидаги депозитлар бундан мустасно, улар 409 млрд сўмга камайиб, 43,8 трлн сўмни ташкил этди.

Кенг маънодаги пул массаси (М2) 12,5 трлн сўмга ўсиб, 145,2 трлн сўмга етган бўлса, миллий валютадаги пул массаси 12,9 трлн сўмга кўпайиб, 101,3 трлн сўмни ташкил этган.

М2 (банк тизимидан ташқари), пул ўтказмалари, бошқа молия институтларининг миллий ва хорижий валютадаги омонат ва муддатли депозитлари, давлат номолия ташкилотлари, хусусий сектор ва жисмоний шахсларнинг муомаладаги нақд пулларини ўз ичига олади.

Молиячи Отабек Бакиров пул массасининг ўсиши вакиллик ҳисобварақларидаги қолдиқларнинг ўсишига ҳам туртки бергани, жами вакиллик ҳисобварақларидаги маблағлар қолдиғи ой давомида 6,3 трлн сўмга ўсиб, 21,8 трлн сўмга етганига эътибор қаратди.

Марказий банк март ойининг иккинчи ярмида бошланган нақд пулга бўлган талабнинг кескин ўсиши муносабати билан март ойида 1,12 трлн сўм, апрель ойида — 6,34 трлн сўм ва май ойининг ўтган 11 куни давомида — 1,1 трлн сўм қўшимча равишда нақд пул муомалага чиқарилганини маълум қилди.

Маблағларнинг бир қисми нақд хорижий валютани конвертация қилишга бўлган талабни қондиришга, бир қисми банк карталаридаги маблағларни нақдлаштиришга йўналтирилди.