Афғонистоннинг Энергетика ва сув вазирлиги Ўзбекистон ва Тожикистондан импорт қилинадиган электр энергияси учун 100 млн доллардан ортиқ қарзи борлигини маълум қилди, деб ёзади TOLOnews нашри.

Вазирлик матбуот котиби Ахтар Муҳаммад Нусратнинг айтишича, ҳозирда Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон банклари пул ўтказишда қийинчиликларни бошдан кечирмоқда, бу эса Афғонистон Миллий электр компаниясига (Da Afghanistan Breshna Sherkat — қисқача DABS) қарзларини тўлашига тўсқинлик қилмоқда. Унинг маълум қилишича, Энергетика ва сув вазирлиги электр энергияси учун пул тўлашга ҳаракат қилмоқда.

«Ўзбекистоннинг ўз муаммолари бор, биз тўламоқчимиз, лекин муаммо банкларда», — деди Ахтар Муҳаммад Нусрат.

Айни пайтда, DABS’сининг собиқ раҳбари Омонулла Ғолибнинг айтишича, Афғонистон Марказий Осиё мамлакатларига, хусусан, Ўзбекистонга электр энергияси сотиб олиш учун йилига 300 млн долларга яқин пул тўлайди. «Афғонистон электр энергиясининг катта қисмини Ўзбекистондан сотиб олади. Йилига тахминан 108 млн долларга. Энди муаммо ҳисоб-китобларни тўлашда», дейди у. Омонулла Ғолиб, шунингдек, Украинадаги вазият қўшни давлатларнинг банк фаолиятини мураккаблаштирганини қўшимча қилди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилишича, Афғонистон томони 2021 йилдаги электр энергияси бўйича қарзини тўлиқ тўлаган. Марказий банк ҳозирча таҳририят сўровига жавоб бермади.

Октябр ойида Афғонистоннинг қўшни давлатларга электр энергияси учун 62 миллион доллар қарзи борлиги хабар қилинган эди. DABS расмийлари БТМнинг Афғонистонга ёрдам миссиясидан (UNAMA) қарзни тўлаш учун 90 миллион доллар ажратишни сўрашганини айтди. Шу билан бирга, агар маблағ олинмаса, компания ҳисоб-китобларини тўламаган фуқаролардан қарздорликни ундириши мумкинлиги маълум қилинган.

Бироқ ўша ойда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзаков Афғонистон муваққат ҳукумати электр энергияси бўйича қарзини тўлиқ қоплаш мажбуриятини олгани ва Ўзбекистон «бир соат ҳам» Кобулга электр энергияси етказиб беришни тўхтатмаганини маълум қилди.

Жорий йилнинг январь ойида эса, Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари (МЭТ) ва DABS 2022 йилда электр энергияси етказиб бериш бўйича шартномани имзолади. Ҳужжатга кўра, Афғонистонга йил давомида 100 млн долларлик 2 млрд кВт соат электр энергияси етказилади.