FIFA World Cup Trophy Tour лойиҳаси доирасида Ўзбекистонга иккинчи бор Жаҳон кубоги соврини олиб келинади. Бу ҳақда ЎФА хабар берди.

Қайд этилишича, 21 ноябрдан 18 декабргача ўтказиладиган футбол бўйича ЖЧ — 2022 олдидан Ўзбекистон ушбу кубок саёҳат қиладиган дунёнинг 51 мамлакатидан бири бўлади. Кубок тақдимоти 6 июнь куни бўлиб ўтади. Унда футбол бўйича жаҳон чемпионлари — Кристиан Карамбё ва Карлес Пуйоль иштирок этиши кутилмоқда.

«ФИФА Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан мухлислар учун футбол бўйича Жаҳон кубогини кўриш имкониятини тақдим этиш борасидаги ўзаро ҳамкорликдан мамнун. ЎФА ушбу тадбирлар юқори даражада ўтказилиши учун бор имкониятини ишга солади ҳамда ФИФАга ишонч учун миннатдорчилик билдиради», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга илк бор Жаҳон кубоги 2018 йил 6 февраль куни олиб келинган. Ўшанда кубок тўққиз ой давомида олти қитъадаги 91 шаҳарга олиб борилиб, 126 минг километр масофани босиб ўтган эди. Кубок Тошкентда бир кун бўлиб, «Ўзбекистон» спорт мажмуасида оммага намойиш этилган.

Маълумот ўрнида, Жаҳон кубоги Италиянинг оилавий GDE Bertoni Srl компанияси томонидан 1974 йилги чемпионатга бағишлаб тайёрланган бўлиб, баландлиги 36 см, вазни 6,18 кг. Унинг 5 килограми тоза олтиндан. Мукофотга фақатгина ЖЧ ғолиблари ва давлатлар раҳбарлари қўл теккизиш ҳуқуқига эга.