Андижон вилоятида жорий йилнинг дастлабки уч ойида 10 нафар мактаб ўқувчиси ўз жонига қасд қилган. Вилоят ҳокимлигининг Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти мудири Муфтоҳиддин Рахманов Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари олдидаги ҳисоботида бу ҳақда маълум қилди. Мазкур хабарни «Газета.uz»га вилоят ҳокимлиги ходими тасдиқлади.

Ўз жонига қасд қилган ўқувчиларнинг беш нафари қутқариб қолинган. Қайд этилишича, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уч нафарга ортган. Шунингдек, 32 нафар бедарак йўқолган бола ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан топилиб, оилаларига қайтарилган.

Шунингдек, 31 март ҳолатида 25 та вазиятда 48 нафар вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этиш ҳолати кузатилган. Мазкур жиноятларда иштирок этганларнинг 7 нафари академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, 27 нафари мактаб ўқувчилари экани, қолган 14 нафари эса ҳеч қаерда ўқимайдиган ёки ишламайдиганларни ташкил қилиши аниқланган.

Вилоятдаги умумтаълим мактабларида вояга етмаган 570 282 нафар ўқувчи таҳсил олади. Ўқувчиларнинг 1348 нафари ота-оналари билан биргаликда хорижга чиқиб кетган, 303 нафари сурункали дарс қолдириши, 935 нафари ноодатий кийингани, 863 нафари жиноятчиликка мойиллиги борлиги, 653 нафари тарбияси оғирлиги аниқланган, дейилади маълумотда.