Ўзбекистонда сўнгги етти йил барча йиллар давомида метеорологик кузатувлар бўйича энг илиқ йил бўлди, улар орасида 2016 ва 2021 йиллар биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази («Ўзгидромет») томонидан эълон қилинган шарҳда айтилади.

Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши иқлим ўзгаришининг ягона кўрсаткичи эмас. Глобал исиш, биринчи навбатда, турли хил об-ҳаво аномалияларининг кўпайишига олиб келади. Жаҳон метеорология ташкилоти бош котиби Петтери Таалас экстремал ҳодисалар инсоният ҳаётининг янги меъёрига айланганини таъкидлади.

Баҳор ва ёз ойларида аномал иссиқ даврларнинг такрорийлиги ҳамда жадаллиги ортиб бормоқда. Орол бўйи ҳудудлари ушбу ҳодисага кўпроқ мойилдир. Сўнгги 5 йил ичида ушбу ҳудудда деярли ҳар йили максимал ҳаво ҳарорати рекордлари янгиланди.

Ҳаво ҳарорати 40 ва ундан юқори даража бўлган кунлар сони ортди. Чўл ҳудудларида, республиканинг шимоли ва жанубида ғайритабиий иссиқ кунлар сони 25 дан 40 кунгача (меъёр 15−30 кун) бўлган.

Қуруқ даврларнинг давомийлиги ортмоқда, бу эса атмосфера қурғоқчилиги ва сув тақчиллиги ошишига олиб келади. Сўнгги йилларда атмосфера қурғоқчилиги бўлган кунлар сони 50−80 кунни ташкил этиб, ўртача кўп йиллик қийматларда 30−70 кунни ташкил этмоқда.

Шторм шамоллар чангли ғуборлар ҳосил бўлиши ва уларни тарқалишига олиб келади. 2021 йил ноябр ойининг бошида Тошкент шаҳрида, шунингдек Тошкент ва Сирдарё вилоятларида биринчи марта аномал табиий ҳодиса — кўринувчанлик 100−200 м гача ёмонлашишида чанг-қум бўронлари кузатилди.

Табиий мухит ифлосланиши мониторинги

Мамлакатда атмосфера ҳавосида ифлослантирувчи моддалар миқдори, ер усти сувлари ва тупроқ ифлосланиши устидан мониторинг тизими ташкил этилган.

Ер усти сувлари холати устидан кузатувлар 59 та сув объектида, 85 та пунктда, 107 та кузатув нуқтасида 43 та таркибий қисмлар бўйича ҳар ойда амалга оширилади. Тахлил натижалари 90% сув ҳавзаларининг ифлосланиш бўйича сифат кўрсаткичлари — ўртача ифлосланган (3 синф) ёки ифлосланган (4 синф) сувлар синфига киришини, 10% сув хавзаларида эса тоза сувлар (2 синф) қайд этилган. Зарафшон, Чирчиқ, Салар дарёлари, Сиёб, Шўрўзак, ГПСК коллекторлари энг ифлосланган сув хавзалари сифатида қайд этилган.

Тупроқ ифлосланиши устидан кузатувлар ҳар йили баҳор ва куз фаслларида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг 107 та туманида жойлашган 212 та хўжаликларда олиб борилади. Шунингдек, 14 та саноат шаҳарларида 20 та кўрсаткичлар бўйича ҳам олиб борилади. Кўп йиллик тахлиллар Андижон (1,3 дан 3,7) ва Фарғона (1,3 дан 2) вилоятларида ерларни хлорорганик пестицидларнинг қолдиқ миқдори билан ифлосланишини РЕМдан ортиши кузатилган.

Атмосфера ҳавосида кимёвий моддалар билан ифлосланиш устидан кузатувларлар ҳар куни 25 шаҳарларда 65 та стационар постларда олиб борилади, уларда атмосфера ҳавосида 10 та газли аралашмалар ва 4 та оғир металлар назорат қилинади (рух, мис, қўрғошин, кадмий).

Сўнгги бир неча йил ичида кўпгина шаҳарлар учун назорат қилинадиган ингредиентлар бўйича ҳавонинг ифлосланиш даражаси барқарорлиги қайд этилмоқда. 2010−2021 йилларда республикада ҳавонинг ифлосланиш даражаси пасайганлиги кузатилган бўлса, ифлосланиш индекси ўсиши Ангрен, Олмалиқ, Фарғонада шаҳарларида сақланиб қолган.

Умуман олганда, республикада атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси меъёр даражасида бўлиб, 2021 йил ноябр-декабр ва 2022 йил январ ойларида чанг бўронлари пайтида ҳавонинг максимал бир марталик ифлосланиши Гулистон, Олмалиқ, Чирчиқ, Тошкент, Бекобод, Ангрен, Бухоро, Навоий, Самарқанд шаҳарларида қайд этилган.

Сўнгги вақтда ҳавода чанг (РМ 2,5) миқдори тўғрисида маълумот долзарб масала бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонда иқлимнинг кескин ўзгариши таъсирида юқори хароратни такрорланиши, атмосфера қурғоқчиликлари, гаримселлар, чанг бўронлари, шунингдек, саноат корхоналари, автотранспорт, қурилиш индустрияси ташламалари таъсирида аҳоли яшаш жойларида чангнинг меъёрдан ортишига сабаб бўлмоқда.

Мавжуд стандартлар хаводаги чанг зарралари, яъни РМ 2,5 ни аниқлаш имконини бермайди хаво сифати бўйича ЖССТ меъёрлари Ўзбекистондаги мавжуд нормативлардан фарқ қилади. Хаво сифати меъёрларини халқаро талаблар, шунингдек, Ўзбекистонни табиий-иқлимий шароитларини ҳисобга олган холда ишлаб чиқиш зарурати мавжуд.

Ўзгидромет томонидан ушбу муаммони бартараф этиш учун «Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси ифлосланиши даражасини ва аҳоли саломатлигига аероген хавфни комплекс баҳолаш асосида атмосфера ҳавоси сифати мониторинги миллий ахборот платформасини ва мобил иловани яратиш» лойиҳасини ишлаб чиқиб, Инновация вазирлигига тақдим этди. Лойиҳа доирасида ҳаво сифати меъёрлари жахон стандартлари талабида ишлаб чиқилади, хаводаги зарарли моддаларни инсон саломатлигига таъсири ўрганилади.

Гидрометеорологик кузатувлар тармоғи қандай ишлайди

Ўзгидрометнинг энг баланд тоғ метеорология станцияси — Ойгаингдаги автоматик метеостанция.

Бугунги кунда Ўзгидромет кузатув тармоғида 92 та метеостанция фаолият кўрсатиб, шундан 21 таси жаҳон ҳалқаро маълумот алмашинуви тизимига киритилган.

Соҳа бошланган ислоҳатлар натижасида 2020−2021 йилларда кузатув тармоғига 62 та автоматик метеостансиялар ўрнатилди, 2 та стационар ва 1 та мобил лаборатория, об-ҳаво прогнозини рақамли моделлаштирадиган 1 дона суперкомпютер олинди, Бухорода 1 та янги метеорологик локатор ўрнатилди.

Кузатувлар тармоғига жадаллик билан IT-технологиялар ва телекоммуникацияларни жорий этиш орқали онлайн режимда ҳар 10 дақиқа вақт оралиғида GSM/спутник орқали маълумотларни узатиш таъминланди.

Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар дастлаб 1867 йил сентябр ойида Тошкент Астрономия обсерваторияси қошида метеорологик стансиясини очилиши билан бошланиб, ҳаво ҳарорати ва ёғинларнинг кунлик кузатувлари амалга оширилган.

Маълумот учун: Андижон (1882 й.), Нукус (1883 й.) Бухоро (1890 й.), Фарғона (1880 й.), Жиззах (1881 й.), Бекобод (1910 й.) ва Қува (1911 й.) метеорологик станциялари ташкил этилган.

Метеорологик тармоқлар ўтган асрнинг 50−60 йилларда кенгая бошлади натижада метеостансияларда қўшимча актинометрия (6 та станция), сув баланси (10 та станция), иссиқлик баланси (4 та станция) ва градиент (2 та станция) кузатувлар йўлга қўйилди.

Жахон метеорлогия ташкилоти тавсияларига мувофиқ 1970 йилдан бошлаб 4 та кундузги кузатув муддатидан 8 та кечаю-кундуз метеокузатув муддатларига ўтилди.