Бош вазир ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ШҲТ мамлакатлари доирасида ички туризмни ривожлантириш учун — «Ягона туристик бренд» яратилиши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда у 19 май куни Тошкентда ўтказилган ШҲТ мамлакатлари сайёҳлик маъмуриятлари раҳбарларининг учрашувида айтиб ўтди, деб хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

Ўзбекистон томонидан илгари сурилган мазкур таклиф ортидан йирик платформа яратилади. Унинг доирасида Ўзбекистон ва бошқа давлатларда мавжуд бўлган туристик йўналишларни кўпайтиришга тарғиб қилинади.

«Туристик компаниялар ва ташкилотлар бундан фойдаланиб, «туристик оқим»ни кўпайтиришга эришади. Бундан ташқари, ШҲТ давлатлари раҳбарлари Самарқандда 15−22 сентябрь куни ўтадиган саммитда мазкур битимни тасдиқлаб беришса, қонуний асосга эга бўламиз. Яъни, ШҲТ давлатлари доирасида ички туризмни ривожлантиришда «Ягона туристик бренд» ҳам жуда катта имкониятларни яратади», — деди вазир.

Қўшимча қилинишича, туризм йўналишида оқимни кўпайтиришни истаган ШҲТ давлатларига туристик компаниялар ҳамда сайёҳларга қўшимча равишда субсидия ва солиқ имтиёзлари тақдим этишига туртки бўлади.

Қолаверса, бош вазир ўринбосари Ўзбекистондаги сайёҳлик йўналишларини ривожлантиришда эса асосий эътибор ички туризмга қаратилаётганини айтди.

«Бемалол айтиш мумкинки, Ўзбекистон яқин вақт ичида тез-тез бориб туриладиган мамлакатлардан бири бўлади. Бунинг учун инфраструктура керак. Бизда барча имкониятлар мавжуд. Лекин энг муҳими, албатта, транспорт логистикасини такомиллаштириш устида жуда жиддий ишлашимиз керак. Очиғини айтганда, логистика биз учун заиф нуқта, рейслар сони, уларнинг диверсификацияси, нафақат Ўзбекистонга келиш нуқтаи назаридан қулайлиги, балки Ўзбекистонни транспорт ва туризм марказига айлантириш жуда катта иш», — деди вазир.

Ўзбекистон Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO)да Саудия Арабистони қаторида пандемияга қарамай туризмга сармоя киритган илк икки давлатлар қаторидан жой олгани ҳам эътироф этилди. Қолаверса, мамлакат ҳозирда туризм энг жадал ривожланаётган бешта давлат қаторига ҳам кириши айтилди.

Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, дунё аҳолисининг 44 фоизи ШҲТ давлатларида яшайди. Дунёнинг 25 фоиздан ортиқ туристик оқими айнан шу давлатлар ҳисобига тўғри келади.

Вазир агарда шу давлатлар доирасида туристик оқим кўпайтирилса, янги иш жойлари ва янги даромад манбаини шакллантиришга ёрдам беришига, шунингдек, солиқ тушумларини кўпайтиришга эришилишига ишонтирди.

Тадбир давомида келтирилган маълумотларга кўра, президентнинг тегишли фармони билан 1 июлдан сайёҳлик қишлоқларида меҳмон уйлари, озиқ-овқат ва савдо шохобчалари, кўнгилочар масканлар очган тадбиркорлар 3 йил муддатга 1 фоиз ставкада айланма солиқ, 1 фоиз миқдорда ер ва сув солиғи шунингдек, ҳисобланган даромаднинг атиги 1 фоизини тўлайди.

Шунингдек, Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида меҳмон уйлари, уй ва эко-уйлар, чодир шаҳарчалари барпо этиш учун кредитлар ажратилади. 31 та туман ва шаҳар ҳудудидан ўтувчи Ўзбекистон туристик автомобиль йўли бўйлаб автотураргоҳ, кемпинг, автосервис, умумий овқатланиш ва ёқилғи қуйиш шохобчаларига эга карвонсаройлар қуриш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Зарина Догузова.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда 1 сентябрдан бошлаб авиа, темир йўл ва автобус чипталари нархининг 15 фоизи, меҳмонхонада тунаб қолиш харажатининг 15 фоизи, музейлар ва бошқа маданият объектларига тўланган чипталар нархининг 50 фоизи қайтариладиган кешбэк тизими жорий этилиши айтилди.

Россиянинг Федерал туризм агентлиги раҳбари Зарина Догузова йиғилишда мазкур кешбэк тизимини бутун ШҲТ давлатлари орасида жорий этишни таклиф қилди. Азиз Абдуҳакимов бу жиддий таклиф эканлигини қайд этар экан, авваламбор ҳисоб-китобларга мурожаат қилиш лозимлиги ва авваламбор Ўзбекистон, шу жумладан, ҳар бир мамлакат манфаатидан келиб чиқиб якуний хулосага келиш зарурлиги таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Азиз Абдуҳакимов йиғилишда ШҲТга аъзо мамлакатлар туризм вазирларига ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадида доимий мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузишни таклиф қилганди.