Ўзбекистон Шарқий Қуддусдаги вазиятни дипломатия йўли билан ҳал қилишга чақирди

Ўзбекистон ТИВ Шарқий Қуддусдаги вазият кескинлашганидан жиддий хавотирдалигини билдириб, томонларни ихтилофни мулоқот ва дипломатия йўли билан ҳал қилиш учун вазминлик ҳамда сиёсий ирода кўрсатишга чақирди. Апрель ўрталаридан бери Фаластин ва Исроил ўртасидаги кескинлик яна кучайганди.

Учтепа туманида 33 нафар ҳоким ёрдамчиси ҳайфсан олди

Шу йилнинг биринчи чораги бўйича пойтахтнинг Учтепа туманида маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти KPI тизими бўйича баҳоланди. Натижада 60 нафар ҳоким ёрдамчисидан 33 нафарига ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашиб келаётгани учун ҳайфсан берилди.

Тошкентда одамларни яна соқол олишга мажбурлашди

Тошкентда фуқароларни яна ИИБга олиб бориб, соқолларини олишга мажбурлашди. Улардан бирининг сўзларига кўра, уларга 15 сутка қамоқ билан таҳдид қилишган ва шундан кейин соқолини олишга мажбур бўлишган. ИИВ матбуот котиби фуқаролар ўз ҳуқуқлари поймол этилган деб ҳисобласа, шикоят қилиши мумкинлигини қайд этди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон космик фазони тадқиқ этиш соҳасида ҳамкорлик қилади

Президент қарори билан Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида космик фазони тинчлик мақсадларида тадқиқ этиш ва фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим тасдиқланди.

Манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги маълумотларни декларация қилиш таклиф этилмоқда

Адлия вазирлиги манфаатлар тўқнашувини алоҳида қонун билан тартибга солиш таклифини билдирди. Унга кўра, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотларни декларация қилиш ва олдиндан хабар бериш тартиби белгиланмоқда, бунга амал қилмаганлар эса жаримага тортилади. Антикоррупция агентлигига маъмурий баённома тузиш ваколатини бериш режалаштирилмоқда.

Навоийда UniSat дастурининг 20 нафар ўқувчиси нано сунъий йўлдошини учирди

UniSat таълим дастурининг 20 нафар ўқувчи-қизи Навоий вилоятида ўзи ясаган ултразамонавий нано сунъий йўлдошини стратосферага учирди. Қизлар унинг ёрдамида ҳавонинг ифлосланиши ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилади.

Андижонда собиқ банк ходими ва фермер $50 минглик имтиёзли кредитни ўзлаштиргани айтилмоқда

Избоскан туманида собиқ банк ходими тадбиркор билан бирга иссиқхона қуриш учун ажратилган 50 минг доллар имтиёзли кредитни талон-торож қилганликда айбланмоқда. Текширув давомида етказилган зарарнинг 20 минг доллари ундирилиб, гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Турсуной Жабборова оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони бўлди

Грециядаги оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Турсуной Жабборова -87 кг вазн тоифасида даст кўтариш ва силтаб кўтариш бўйича жаҳон чемпиони бўлди.

SpaceX компаниясига Ўзбекистонда ваколатхона очиш таклиф этилди

АКТ вазири Шерзод Шерматов SpaceX вакили Бен Мак Вильямс билан учрашувда компанияга Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиш таклифини берди. Ўзбеккосмос агентлиги билан эса Starlink лойиҳасини мамлакатга олиб кириш масаласи муҳокама қилинди.

Сурхондарёда Салжуқийларга оид олтин динор топилди

Термиз туманида фуқаро боғни суғориш чоғида оғирлиги 1,92 грамм бўлган олтин тангаларни топиб олди. Термиз археология музейи мутахассислари динорлар Қорахонийлар ва Салжуқийлар даврига оидлигини аниқлади. Фуқаро уларни музейга топширди.

Ҳафта салқин бўлади, вақти-вақти билан ёмғир ёғади

10−13 май кунлари ҳаво салқин бўлиши кутилмоқда. Республиканинг кўпчилик ҳудудларида ёғингарчилик, момақалдироқ бўлиши ва шамол тезлигининг кучайиши кутилмоқда. Ҳафта давомида тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-тошқин ҳодисалари кузатилиши мумкин.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Глобал беқарорлик шароитида ҚҚС бўйича имтиёзлар нархлар ўсишининг олдини олишга ёрдам берадими?

Глобал беқарорлик шароитида ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш ва сотишда ҚҚСнинг нол ставкаси муддати 31 декабргача узайтирилди. Имтиёзли даврнинг узайтирилиши гўшт ва картошка бозорида кутилган натижани бериши кутилмоқда, бироқ ўсимлик ёғи нархлари барқарорлашуви учун етарли бўлмаслиги мумкин. Иқтисодчи, «Газета.uz» колумнисти Миркомил Холбоев Украинадаги уруш ортидан жаҳон иқтисодиётида юзага келган танглик шароитида ҚҚС имтиёзларининг ички бозордаги нархларга қандай таъсири қилиши ҳақида сўз юритади.

Фронтдан мактублар. Уруш қатнашчилари нималар ҳақида ёзишган?

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ўз яқинларига хатларда нималар ҳақида ёзишган? «Газета.uz» Шон-шараф музейи ва «Ўзархив» агентлиги тақдим этган хатлар билан бўлишмоқда. Жангчилар нафақат ўз яқинларига нома йўллаган, балки газеталар таҳририятларига уруш ҳақидаги ҳикояларини юборишган ва ҳаттоки шеърлар ҳам ёзишган.