Ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Чилонзор ва Учтепа туманларида жамоат жойларида юрган соқол қўйган эркакларни ички ишлар бўлимларига олиб бориб, соқолини олиб ташлагачгина қўйиб юборишгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Абдураҳмон Муфид (Abu Vines) номи билан танилган вайнер Абдураҳмон Абдураҳмонов ўзининг Instagram`даги саҳифасида (1,3 млн обуначига эга) соқолсиз тушган расмини жойлади.

«Ҳар ишда бир ҳикмат бор, кўриб турганингиздек соқол олинди. Сизлардан илтимос, нима бўлди, нима учун соқолни олдингиз, тинчликми, муаммо борми деган саволни берманглар. Жавоб беришга қийналишим мумкин. Лекин кўрган, билган одамларнинг ўзлари тушуниб олишди деган умиддаман. Нима ҳам деймиз, ижодни янада кучайтирамиз, ҳар қандай ҳолатда ҳам ижод қилишдан, инсонларга мотивация беришдан тўхтамасликка ҳаракат қиламиз. Сизларни яхши кўраман, дуоларингиздан умидворман», — деб ёзиб қолдирди у.

Facebook фойдаланувчиси Муҳаммадюсув ибн Қобил 6 май куни кечаси соқол олишдан олдин ва ундан кейинги суратларини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, икки сурат орасидаги вақт 5 соатни ташкил қилади ва у туман ИИБга ташрифдан сўнг соқолни қиртишлашга мажбур бўлган. «Газета.uz» билан суҳбатда у вазият қандай содир бўлганини сўзлаб берди.

«Мен шампун ва бошқа товарларни сотиш бўйича агент бўлиб ишлайман. Иш вақтимда мени кўчада Йўл-патрул хизмати ходими тўхтатди ва шахсимни аниқлаштириш учун биз билан бирга боришингиз керак дейишди. Мен бошлиғимга (Муҳаммад Маъруфни — таҳр.) хабар бериб қўяй дегандим, йўқ ўша ерда (бўлимда — таҳр.) хабар беришим мумкинлигини айтишди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, уни бундан олдин ҳам шахсини аниқлаштириш учун тўхтатишган, бироқ, Чилонзор ИИБда ҳужжатларни текширишгач қўйиб юборишган ва соқолни ҳам олдиришмаган.

«Мен яна шунақа бўлади деб ўйлагандим ва боришга рози бўлдим. Бу Учтепа туманида бўлди. Мени ГОМга (Шаҳар милиция бўлими — таҳр.) олиб боришди. Соқол олиш учун олиб келганмиз дейишди. Соқолим бўйича муаммо бўлса керак деб гумон қилиб, машинага чиққанимда расмга тушиб олган эдим», — дея қайд этди у.


Муҳаммад Маъруф. Фото: Facebook / Kun.uz.

Муҳаммадюсуф тасдиқлашича, ундан ташқари бўлимда соқолни олишга мажбуран олиб келинган яна камида 10 киши бўлган.

«Уларни сони ўзгариб турди. Кимнидир олиб киришади, улар „машинка“ ёрдамида соқолини ўзи олади ёки кимдандир буни қилишни илтимос қилади. Уларни соқол билан ва соқолсиз ҳолатда суратга олишади, кейин қўйиб юборишади. Ҳеч қанақа ҳужжатга қўл қўйдирмасдан чиқариб юбораверишди… Кўчада бошлиғим кутиб турганди, соқоли борлиги учун уларни ҳам ичкарига олиб киришди. Соқолни оласизлар, бусиз бу ердан чиқиб кетишни иложи йўқ дейишди. Биз олмаймиз, қонунда бу ёзилмаган деб тушунтирдик. Кейин бошқа каттароқ ходимлар кирди, нимага олдиришга кўнмаяпсан деб сўради, сен мутаассиб бўлиб қолибсан деб гапирди. Ходимлар тепадан шунақа буйруқ олишганини, „агар бу ишимиз ноқонуний бўлганида, биз бу ерда ишламас эдик“ деб айтишди», — дея сўзлаб берди у.

Унинг таъкидлашича, уларни ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик бўйича маъмурий жавобгарликка тортиш ва 15 суткага ҳибсга олиш билан қўрқитишган.

«15 сутка ўтирасизлар ва барибир соқолингни оласизлар деди… Охири киришда топшириб кирган телефонимни олишди ва уни титкилашни бошлашди. Уни пароли йўқ эди. Галерея, Telegram`даги ёзишмаларни ҳаммасини текширишди. Гувоҳлар йўқ эди, фақат ўша ерда ишлайдиган ходимлар текширишди. Мени телефонимда Ёрқинжон Фозилов домланинг (2021 йилда вафот этган — таҳр.) анча йил олдин кимгадир ташлаган видеосини топишди. У тақиқланмаган эди. Яна бир нечта гуруҳлар бор экан», — деди у.

Ходимлар, унинг сўзларига кўра, «диний материалларни тарқатишда айблаб, 15 суткага қамаш ва кейин бошқа иш очиш билан қўрқитишган». «Якунда биз соқолни олишга мажбур бўлдик. Бир-биримизни соқолимизни олишимизни айтишди. Биз олмаймиз дедик. Формасиз кимнидир чақириб келишди, ўша соқолимизни олиб қўйди», — дея сўзлаб берди Муҳаммадюсув ибн Қобил.

Жараён якунига еткач ҳибсдагилар суратга олинган ва уларнинг телефони қайтарилиб, қўйиб юборилган.

«Бошлиғим паспортида соқол билан расмга тушган эди. Меникида йўқ эди. Агар сени паспортингда соқол йўқ экан, ол деганда барибир мажбур бўлардим. Лекин ҳеч ким паспортимизни сўрагани йўқ», — деди Муҳаммадюсуф.

Унинг сўзларига кўра, бошқа эркакларга соқоли олингач тезда рухсат беришган, лекин улар соқолни олишни рад этгани учун ички ишлар бўлимида 4−5 соат вақт ўтказишган.

Ўзбекистон ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов «Газета.uz»га вазият юзасидан изоҳ берди.

«Ички ишлар органлари томонидан жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш жараёнида ўтказиладиган тезкор-профилактик тадбирларини фуқароларнинг диний эътиқоди билан боғлаш мутлақо нотўғри. Фуқаро, ўзининг конституциявий ҳуқуқлари поймол этилган деб ҳисобласа, ўрнатилган тартибда шикоят қилиши мумкинлигини эслатиб ўтамиз», — деди у.

Муҳаммадюсуф ариза билан мурожаат қилмоқчи эмас, чунки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзи қонунни ҳимоя қилиши керак. «Биз ўзимизни ҳуқуқларимизни поймол қилганлардан ўз ҳуқуқимизнинг ҳимоясини талаб қилишни хоҳламаймиз», — дея таъкидлади у.

Соқол ўстириш сабаблари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, у буни дин билан боғлашни нотўғри деб атади: «Бу ҳар кимни ўз ихтиёрига боғлиқ. Мода учун қўяман деса ҳам ундан ҳеч ким нима учун қўйдинг деб сўрамайди».

Мусанниф Адҳам номи билан танилган блогер Адхам Олимов мазкур ҳолатни ноқонуний эканлигини айтиб, мамлакат Конституциясида белгилаб қўйилган шахсий ҳуқуқ ва эркинликларнинг поймол этилиши деб атади. Унинг сўзларига кўра, бунинг ноқонунийлигини ички ишлар ходимларининг ўзлари ҳам яхши билади ва «тўғри тушунинг, бу сиёсат. Бизга ҳам буюришган» дейишади.

«Хўп, бу зормонда соқоллар олинди, юзлар қиртишланди, лекин инсон организми ўзгармайди: эртаданоқ бу соқоллар яна ўсиб бошлайди, икки-уч ойда асл ҳолатига келиб, узайиб қолади. Унда нима қиласизлар? Яна бюджетнинг пули исроф, яна рейдма-рейд — соқолли йигитларни тутиб келиб, соқол олдирасизларми? Халқнинг пешона тери билан тўлаётган солиғини бамаънироқ, тузукроқ йўлларга сарфлаш чораси йўқми?», — деб ёзиб қолдирди у.

Бу Тошкентда эркакларни соқолини олишга мажбурлаш бўйича бирини ҳолат эмас. 2019 йилнинг августида рейд давомида «Малика» савдо мажмуасида ўнлаб кишиларни ИИБга олиб кетилган ва соқолини олишга мажбурланганди. Кўплаб гувоҳларнинг борлигига қарамасдан ўшанда Тошкент ИИББ соқолни олишга мажбурлашни инкор қилиб чиққанди.

2021 йилнинг май ойида ижтимоий тармоқларда «соқол» деб номланган тадбир ҳақида сўз бориб, унда соқолли фуқароларни аниқлаш, сўнгра уларни соқол олишдан олдин ва кейин суратга олиш кераклиги айтилган аудиоёзув тарқалди. ИИВ бундай тадбир борлигини инкор қилди. «Ички ишлар органларида бундай номланадиган тадбир умуман йўқ. Соқол қўйиш-қўймаслик ҳар бир фуқаронинг ўзига, эътиқодига боғлиқ. Бунга аралалишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», — деди ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов.

Пойтахт ИИББнинг собиқ бошлиғи Рустам Жўраев (ҳозирда Миллий гвардия қўмондони) 2018 йилнинг апрелида соқол қўйиш ҳеч кимга тақиқланмагани ва ушбу масалага нисбатан муносабат тарбияга боғлиқ, дея изоҳлаганди.