Ўзгидромет Ўзбекистон бўйича 10−13 май кунлари кузатиладиган об-ҳаво ҳақида хабар берди. Унга кўра, ушбу ҳафта салқин бўлади, вақти-вақти билан ёмғир ёғади.

Бугун Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари Кавказ ҳудудларидан кириб келган салқин ва нам ҳаво массаси таъсири остида бўлди. Ҳудудларнинг катта қисмида қисқа муддатли ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Баъзи жойларда шамол 15−20 м/с гача кучаяди. Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат фони куннинг меъёрий қийматларидан +3, +4 даражага кам бўлади ва +20, +25 даражадан юқори бўлмайди.

11 май куни фақат Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида кечаси ва эрталаб, Фарғона водийсидаги вилоятларда эса кун давомида ёмғир ёғиш эҳтимоли сақланиб туради. Ҳарорат кечаси +12…+17, кундузи +20…+25 даража атрофида бўлади.

Пайшанба куни республиканинг шимолий ҳудудларига яна нам ва салқин ҳаво массаси кириб келиши кутилмоқда, бунда Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятининг баъзи жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

13 май, жума куни нам ва салқин ҳаво массаси республиканинг барча ҳудудларини камраб олади, баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Айрим жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучаяди. Шимолда ёғингарчилик тўхтайди. Ушбу кунларда ҳарорат кечалари +12…+17 даражани, кундуз кунлари 12 майда +23…+28 даражани ташкил этади, 13 майда ёмғир пайтида +21…+26 даражагача пасаяди.

Ҳафта давомида республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-тошқин ҳодисалари кузатилиши мумкин.