Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Шарқий Қуддусдаги вазият кескинлашганидан, жумладан, ал-Ақсо масжидидаги навбатдаги тўқнашувлар содир бўлганидан жиддий хавотирда эканлигини билдирди.

«Биз томонларни кескинликни кучайтирмасликка ва можарони тезроқ бартараф этиш учун барча зарур чораларни кўришга чақирамиз», — дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, Фаластин-Исроил муаммосини ҳал қилиш халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг аввал қабул қилинган резолюциялари ва «икки халқ учун икки давлат» тамойили асосида амалга оширилиши зарур.

«Биз томонларни ихтилофни мулоқот ва дипломатия йўли билан ҳал қилиш учун вазминлик ҳамда сиёсий ирода кўрсатишга чақирамиз», — дейилади муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, апрель ўрталарига келиб, фаластинликлар ва Исроил хавфсизлик кучлари ўртасидаги кескинлик янада кучайди. Муқаддас Рамазон ойида, 15 апрель куни Қуддуснинг Маъбад тоғидаги ҳам икки томон учун муқаддас ҳисобланган ал-Ақсо масжиди атрофида икки томон тўқнашуви бошланганди. Айни шу пайтда масжидда 12 мингга яқин мусулмон бўлган, уларнинг 250 дан ортиғи жароҳатланган.

8 май куни Исроил ТИВ маълум қилишича, бош вазир Нафтали Беннет ҳукумат йиғилишида мамлакатда террорчилик билан курашишнинг янги босқичи бошланганини эълон қилди. У 5 май куни Эльад шаҳрида 3 киши вафот этган ва тўрт киши жароҳатланган воқеада гумонланаётган икки нафар фаластинлик қўлга олинганига изоҳ берар экан шундай деди: «Ҳеч ким иғвони қўзғатиб қўйиб, кейин дам олмайди, гугуртни ёқиб қўйиб, кейин қоча олмайди».

Исроил ТИВ келтиришича, бош вазир шунингдек, террорга қарши уруш ҳақида гап кетганда, «Маъбад тоғи ва Қуддус билан боғлиқ барча қарорлар шаҳарда суверен бўлган Исроил ҳукумати томонидан ташқи мулоҳазаларсиз қабул қилинади» дея таъкидлаган.

Фаластин ҳукумати Исроил бош вазирининг сўзларини кескин қоралади, деб хабар қилди Newsru.co.il нашри.

«Шарқий Қуддус, унинг мусулмон ва насроний зиёратгоҳлари Фаластин давлатининг абадий пойтахтидир. Буни босиб олинган Фаластин ҳудуди деб тан олган халқаро резолюциялар ҳам тасдиқлайди», — дея нашр Набил Абу Рудеиннинг сўзларини келтирмоқда.

Ўтган йилнинг май ойида қайта жонланган икки томон 10 кундан ортиқ давом этган тўқнашувларни тўхтатишга қарор қилганди.