8 май куни Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 20 дан ортиқ қизлар, UniSat таълим (Uni — UNICEF, Sat — сунъий йўлдош) дастури иштирокчилари Навоий вилоятида стратосферага ўзлари ясаган ултразамонавий нано сунъий йўлдошни учирди.

UNICEF`нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар беришича, Ўзгидромет мутахассислари кўмагида қизлар тўпланган метеорологик ҳамда ҳавонинг ифлосланиши ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилади.

«Навоий вилояти ўзининг мос ландшафти, ундаги кўплаб инновацион ва технологик лойиҳалар амалга оширилаётгани туфайли учириш майдони сифатида танланди. Учириш аэронавигация хизматлари мутахассислари назорати остида бўлиб ўтди, чунки кўрсатмаларга кўра, учириш жойи устида самолётлар парвози учун осмонни „ёпиш“ талаб этилади», — дейилади хабарда.

Нано сунъий йўлдош стратосферада тахминан 2 соат бўлди ва 11,6 км баландликка кўтарилди.

Бундан аввал 15−26 ёшдаги 188 нафар ўзбекистонлик қизлар кодлаш, муҳандислик ва маълумотларни таҳлил қилиш бўйича 4 ойлик онлайн курсни тамомлаган. 20 нафар энг яхши академик натижаларга эришган қизлар қирғизистонлик ва қозоғистонлик тенгдошлари билан бирга Олмаота шаҳрида нано сунъий йўлдошни йиғиш, учириш ва олинган маълумотларни таҳлил қилиш бўйича 10 кунлик амалий семинарда қатнашган.


«Бугун биз тарихий лаҳзанинг гувоҳи бўлиб турибмиз — 20 нафар қиз ўз илмий ишланмаларини илгари сурди ва гендер стереотипларидан озод жамият қуриш сари қадам ташлади», — деди UNICEF`нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулованинг таъкидлашича, нано сунъий йўлдошнинг учирилиши ва олинажак маълумотларнинг таҳлили қизлар учун муҳим қадам бўлади. «Фан, технология ва маълумотлар таҳлили соҳасида карера имкониятлари чексиздир ва биз Ўзбекистон қизларини STEM йўналиши бўйича касб танлашга, илмий изланишлар ва тажрибалар ўтказишга ҳамда ўз олдига улкан мақсадлар қўйишдан қўрқмасликка чақирамиз», — деди у.


UniSat — БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон Миллий университетининг таълим дастури ҳисобланади. Дастурнинг кейинги босқичига аризалар қабули кузда бошланади. Батафсил маълумотни дастурнинг махсус веб-саҳифасидан олиш мумкин.

Март ойида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан бўлган 150 нафар қиз стратосферага ўзлари ясаган учта нано сунъий йўлдошни учирганди. UniSat таълим дастури доирасида ишлаб чиқилган ультразамонавий сунъий йўлдошлар ҳаво ифлосланишини таҳлил қилишга мўлжаллангани хабар қилинган.