10 майда президентнинг «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори [239-сон] қабул қилинди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Унга кўра, Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида Космик фазони тинчлик мақсадларида тадқиқ этиш ва фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим (Битим) тасдиқланди.

Мазкур Битим 2021 йил 6 декабрда Нур-Султон шаҳрида имзоланган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин Ўзбекистоннинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди.

Adilet.zan.kz нашри томонидан эълон қилинган келишув лойиҳаси матнига кўра, ҳамкорлик соҳалари қуйидагилардан иборат:

  • космик саноатининг турли йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;
  • космик фанлар ва космик тадқиқотлар, шу жумладан астрофизик тадқиқотлар ва сайёраларни ўрганиш;
  • Ерни масофадан зондлаш;
  • космик аппаратлар, ракеталар ва бошқа космик қурилмаларни ишлаб чиқиш;
  • ер усти космик инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш;
  • космик кемалар ва илмий асбоб-ускуналарни учириш;
  • сунъий йўлдош навигация тизимлари ва технологиялари;
  • сунъий йўлдош алоқа тизимлари, трансляция ва технологиялар;
  • космик муҳитни муҳофаза қилиш, шу жумладан унга техноген таъсирни назорат қилиш, олдини олиш ва камайтириш;
  • космик саноатида стандартлаштириш;
  • янги космик техника ва технологияларни яратиш учун биргаликдаги фаолият натижаларидан фойдаланиш ва ҳоказо.

Битимга кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон коинот соҳасида қўшма дастурлар, лойиҳалар ва космос бўйича тадбирларни, ахборот, билим ва маълумотлар алмашиш, космик қурилмаларни учириш ва бошқариш учун ер усти воситалари ва тизимларидан фойдаланиш ва ҳ.к. биргаликда ишлаб чиқиши ва амалга ошириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбеккосмос» агентлиги Буюк Британиянинг Dialogue Events компанияси билан биргаликда 10−11 май кунлари Тошкентда Марказий Евроосиё минтақасида биринчи Space Technology Conference STC-2022 конференциясини ўтказади. Унда космик фаолият соҳасидаги етакчи компаниялар — Maxar, SpaceX, Viasat (АҚШ), Airbus (Франция) ва бошқа компаниялар вакиллари иштирок этади.