Термиз тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи Улкан Эралиев томонидан боғ суғориш чоғида ердан оғирлиги 1,92 граммлик олтин динор топилди, деб хабар берди Туризм ва маданий мерос вазирлиги.

Фуқаро Улкан Эралиев қимматбаҳо топилмани белгиланган тартибда Термиз археология музейига топширган, шундан сўнг унга амалдаги қоидаларда белгиланган ҳақ тўлаб берилган.

Мутахассис ва нумизматлар томонидан қимматбаҳо тилла динор дастлабки экспертизадан ўтказилди. Шунингдек, қазилма майдонидан Қорахонийлар ва Салжуқийлар даврига оид кулолчилик буюмлари парчалари топилган.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги.

«Олтин динорнинг олд томонида музей нумизмати докторанти Мансур Нормўминов „Аллоҳ“ ва „Муҳаммад“ сўзларини, шунингдек, араб алифбосининг айрим ҳарфларини ўқишга муваффақ бўлди. Танганинг орқа томонидаги матн деярли ўчиб кетган. Шикастланган, лекин яхши сақланиб қолган танга — олтин динорнинг оғирлиги 1,92 граммни ташкил қилган. Маълумки, мусулмон мамлакатларида тилла тангалар — „динор“, кумуш тангалар — „дирҳам“ деб аталар эди», — дейди Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Кузиев.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги.

Термиз ўзининг стратегик жойлашуви туфайли империялар ўртасида тез-тез тортишувлар ва урушлар объектига айланган. X асрнинг иккинчи ярмида шаҳар қорахонийлар ва ғазнавийлар ўртасидаги қонли тўқнашувлар жойига айланди. Бу ҳукмдорлар бир-бирлари билан бўлган урушда аллақачон қаттиқ ҳолдан тойганидан фойдаланган салжуқий шаҳзодалар Тўғрулбек ва Чағрилбек Термиз ва унинг атрофини эгаллаб олади, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, бу йил очилганига 20 йил тўладиган Термиз археология музейида 20 йил давомида бирорта ҳам тилла танга бўлмаган.