10 май куни Адлия вазирлиги «Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. Ҳужжат 5 та боб, 31 та моддадан иборат.

Лойиҳага кўра, давлат ташкилоти ходими ёки унинг яқин қариндоши акциядори, муассиси (иштирокчиси), бошқарув органи аъзоси ҳисобланадиган юридик шахс ушбу ходимларга алоқадор шахс ҳисобланади.

Давлат ташкилоти фаолиятида манфаатлар тўқнашуви тартибга солишда ваколатли органлар, яъни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, давлат ташкилотларининг одоб-ахлоқ комиссиялари, кадрлар бўлинмалари ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг вазифалари белгиланмоқда.

Давлат ташкилоти ходими томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотларни маълум қилиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

  • манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотларни декларация қилиш;
  • мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериш.

Давлат ташкилоти ходимининг яқин қариндошлари ва унга алоқадор бўлган шахслар мазкур ходимнинг меҳнат қилаётган ташкилоти билан ҳуқуқий муносабатга киришаётганида манфаатлар тўқнашуви тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабар бериши лозим.

Шунингдек, манфаатлар тўқнашувига оид талабларни бузганликнинг ҳуқуқий оқибатлари белгиланмоқда. Хусусан:

  • давлат ташкилотлари ходимларининг ҳар бир ҳолатда манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаганлиги БҲМнинг 3 баравардан 5 бараваригача (такроран бўлса — БҲМнинг 5 баравардан 10 бараваригача);
  • мансабдор шахсларининг ушбу вазиятларни тартибга солмаганлиги БҲМнинг 5 баравардан 10 бараваригача (такроран бўлса — БҲМнинг 10 баравардан 15 бараваригача) жарима солишга сабаб бўлиши мумкин;

Бундан ташқари, маъмурий баённома тузиш ваколатлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ваколатли бўлган Коррупцияга қарши курашиш агентлигига юклатилмоқда. Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда қабул қилинган қарорлар ва тузилган битимлар бекор қилиниши суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилиши, шунингдек ушбу қарорлар ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда олинган фойда суд тартибида давлат даромадига ўтказилиши қайд этилган.

Мазкур қонун лойиҳалари қабул қилинса, давлат ташкилотида давлат хизматчилари томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир қилиниши олди олиниши ҳамда халқаро коррупцияга қарши кураш соҳасидаги 3 та индексда Ўзбекистон позициясига ижобий таъсир этиши кутилмоқда, дейилади вазирлик хабарида.

Лойиҳа Олий Мажлис палаталари томонидан маъқулланиб, президент имзолаган тақдирда, расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга кириши кўзда тутилган.

Қонун лойиҳаси муҳокамалари 25 майга қадар давом этади.