Украинадаги уруш, бошқа оғир салбий оқибатлари билан бир қаторда, ҳозирги глобаллашув жараёнларига ҳам таҳдид солмоқда. Кўплаб мамлакатлар Россияга нисбатан мисли кўрилмаган санкциялар киритмоқда, йирик корпорациялар Россия бозорини тарк этмоқда, бундан ташқари айрим давлатлар муайян товарлар экспортига чекловлар ўрнатмоқда. Мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқаларининг қийинлашиши, қимматлашиши ва чекланиши каби ҳолатлар Иккинчи жаҳон урушидан кейин жадал ривожлана бошлаган эркин савдонинг келажагини яна хавф остида қолдирмоқда — худди Биринчи жаҳон урушининг бошланиши билан глобаллашувнинг биринчи тўлқини тўхтаб қолганидек.

Айниқса, айрим давлатлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари экспортига вақтинча чекловларнинг жорий этилиши ривожланаётган ҳамда нисбатан камбағал давлатлар учун оғир зарба бўлади. Сабаби — паст даромадли давлатларда озиқ-овқат маҳсулотларининг умумий истеъмолдаги улуши нисбатан юқори ҳисобланади. Бошқача айтганда, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши камбағалроқ давлатлар аҳолисига кўпроқ сезилади.

Уруш бошланганининг дастлабки кунлариданоқ айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг глобал нархлари кескин ўса бошлади. Хусусан, кунгабоқар ёғи экспортида етакчи мамлакатлар ҳисобланган Россия ва Украина иқтисодиётидаги беқарорлик фонида жаҳон бозорида ўсимлик ёғи нархлари кескин кўтарилди. Масалан, Украинадан импорт қилинадиган кунгабоқар ёғига кучли боғланган Ҳиндистонда унинг ойлик инфляция даражаси 9% га яқинлашиб улгурди.

Бундан ташқари, дон маҳсулотлари нарх индексининг кескин ўсиши кузатилмоқда. Март ойида жаҳон бозорида дон маҳсулотлари индекси 12,6% га ошган ва бундай кескин ўсиш буғдой нархининг сезиларли кўтарилганлиги билан изоҳланади. Шунингдек, гўшт нархи индекси март ойида 4,8% га ошган. Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг қисқа муддатда бундай кескин ошиши, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, нисбатан паст даромадли давлатлар учун ниҳоятда оғриқли кечади.

2021 йилнинг май ҳамда октябрь ойларида Ўзбекистонда бир нечта асосий озиқ-овқат маҳсулотлари реализацияси ҳамда импорти ҚҚСдан озод қилинди. Қайд этиш жоизки, берилган ҚҚС имтиёзлари ўтган давр мобайнида, қайсидир маънода, ички бозордаги нархнинг сезиларли барқарорлашувига хизмат қилди. Бироқ бундай барқарорлик асосан мазкур маҳсулотлар импорт ҳажмининг сезиларли ошганлиги ҳисобига кузатилаётган эди. Масалан, 2021 йил май ойида ёғ маҳсулотлари реализацияси ҳамда импорти ҚҚСдан озод қилингандан сўнг йил давомида ёғ маҳсулотлари нархи барқарор сақланиб қолди ҳамда баъзи ойларда ҳатто пасайди. Лекин февраль охирида уруш ҳаракатларининг бошланиши ортидан ёғ нархлари ўсиш суръати нисбатан тезлашди. Чунки мамлакатга ўсимлик ёғи импортининг қарийб 90% қисми Россия ва Қозоғистон орқали кириб келади.


График: Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

2021 йил октябрь ойида гўшт ва картошка маҳсулотлари импорти ҳамда реализацияси ҚҚСдан озод қилинган эди. Имтиёзли давр бошидан февраль ойигача бўлган даврда гўшт маҳсулотлари нархи қарийб 1% га пасайганлигини кузатишимиз мумкин. Албатта, жорий этилган имтиёзларнинг ҳажми билан солиштирилганда гўшт маҳсулотлари нархларининг пасайиши жуда кичик. Лекин бу борада хулоса қилишдан олдин айрим жиҳатларни санаб ўтиш ва инобатга олиш зарур.

Биринчидан, гўшт маҳсулотларини ҚҚСдан озод қилиш қисқа муддатда ички бозорда катта ўзгаришларга сабаб бўлмайди. Буни гўшт бозорининг ўзига хослиги — маҳсулот яратиш ва уни реализация қилиш орасидаги нисбатан узоқ муддат билан изоҳлаш мумкин. Имтиёзли даврда ички бозордаги нархга таъсир қилиши мумкин бўлган асосий омил — бу импорт ҳажми. Аммо гўшт маҳсулотлари импорти умумий гўшт истеъмолида жуда кичик улушга эга эканлиги гўшт маҳсулотлари импортининг ички бозорга таъсирини чегаралайди.

Иккинчидан, имтиёз берилгунча бўлган даврда гўшт маҳсулотлари нархи сезиларли суръатда ўсиб келаётган эди. Яъни ҚҚС бўйича берилган имтиёз (асосан импортнинг арзонроқ кириб келиши ҳисобига) гўшт маҳсулотлари нархлари ўсишининг секинлашишига хизмат қилган.

Картошка учун берилган имтиёзлар ҳам асосан импорт ҳажмининг ортиши эвазига ички бозордаги нархга таъсир ўтказди. 2021 йил август ойидан бошлаб Ўзбекистонда картошка нархлари, 2020 йилнинг мос давридаги кўрсаткичлар билан таққослаганда, сезиларли ошишни бошлаган эди. Имтиёзли давр бошланиши билан нарх ўсиши дастлаб секинлашди, февраль ойидан бошлаб ҳатто пасаювчи тенденцияни намоён қилиб келмоқда. Бу тенденцияни айнан картошка импорти ҳажмининг сезиларли ошганлиги билан изоҳлаш мумкин (апрель ойидаги нарх пасайиши асосан мавсумий пишиқчилик даври билан боғлиқ). Масалан, жорий йилнинг январь-март ойларида картошка импорти 10,4 минг тоннани ташкил этган ҳамда ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 4,6 минг тоннага ёки 1,8 баробарга ошган.


График: Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

Яқинда айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари учун ҚҚС бўйича имтиёзлар муддатини 31 декабргача узайтирилганлиги ҳақида хабар қилинди. Кўпчиликда имтиёзли даврнинг узайтирилиши қандай ўзгаришлар олиб келиши мумкин, деган савол туғилган бўлиши табиий.

Имтиёзли давр яна узайтирилишига қарамай айрим турдаги товарлар учун нарх барқарорлигини сақлаб қолиш эндиликда бир мунча қийин бўлиши мумкин, баъзи товарлар нархини барқарор сақлаб қолишнинг эҳтимоли эса нисбатан юқори. Хусусан, картошка каби маҳсулотларининг мавсумий пишиқчилик даври келганлиги унинг нархи пасайишига хизмат қилиши ҳам шубҳасиз.

Келаётган ойларда ўсимлик ёғи (умуман ёғлар) нархини барқарор ушлаб туриш қарор қабул қилувчилар учун мушкул вазифага айланади. Чунки ёғ нархининг барқарорлигини таъминлаш тўлақонли ички имкониятларимизга боғлиқ эмас.

Биринчидан, Украинадаги урушнинг бошланиши бутун дунёда ўсимлик ёғи нархларининг сезиларли даражада ўсишига сабаб бўлди. Бу эса бошқа шартлар ўзгармаган ҳолатда ҳам мамлакатимизда нарх тебранишларига олиб келиши муқаррар. Чунки Ўзбекистон ўсимлик ёғини (шунингдек, хомашё ҳам) катта ҳажмда импорт қилади.

Иккинчидан, уруш фонида Россия ҳамда Қозоғистон ўз ички бозорларидаги нарх барқарорлигини таъминлаш мақсадида кунгабоқар ёғи ва кунгабоқар озуқаси учун вақтинчалик экспорт квотасини жорий этди. Экспорт квотаси бу экспортнинг бутунлай тўхтатилишини эмас, балки экспорт ҳажмига маълум даражада чеклов ўрнатилганлигини англатади. Масалан, Россия сентябрь ойига қадар кунгабоқар ёғи экспортига 1,5 млн тонна миқдорида, кунгабоқар озуқасига эса 700 минг тонна миқдорида квота ўрнатди.

Қозоғистон эса 2021 йилнинг август ойидаёқ кунгабоқар ёғи ҳамда озуқаси экспортига 2022 йилнинг июль ойига қадар экспорт квотаси ўрнатган эди. Хусусан, кунгабоқар ёғи учун ойлик экспорт квотаси 32 минг тонна бўлса, кунгабоқар уруғлари учун 15 минг тонна миқдорида белгиланган эди. Таъкидлаш жоизки, ўрнатилган экспорт квотаси мамлакатнинг амалдаги ойлик экспорт ҳажмидан анча юқори бўлса-да, 2021 йил сентябрь ҳамда 2022 йил январь ойлари оралиғида Қозоғистоннинг умумий кунгабоқар экспорти ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 21% га пасайган. Ўзбекистонга экспорт ҳажми эса бу даврда тахминан 17% га қисқарган.


Манба: https://www.apk-inform.com/en/news/1526259

Қайд этиш керакки, Қозоғистон билан вазият энг камида июль ойига қадар ўзгармайди. Қозоғистондан импорт ҳажми бироз камайиши ҳамда жаҳон бозоридаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда қимматлашиши мумкин.

Россия ҳукумати 2021 йилнинг иккинчи ярмида кунгабоқар ёғи эскпорти учун тарифларни оширганлиги, уруш бошланганидан кейин кунгабоқар ёғи ҳамда унинг озуқаси эскпортига вақтинчалик чеклов ўрнатганлиги эса Ўзбекистон ички бозорига ҳам таъсир қилиши эҳтимоли юқори.

2021 йил иккинчи ярмида Россияда кунгабоқар ёғи экспортига қўйиладиган экспорт божи ставкасининг оширилиши мамлакатимизга Россиядан кириб келаётган ёғ импортини кескин пасайтирган эди. Бу тенденция кўпчиликда янглиш фикрни келтириб чиқариши мумкин. Яъни Россиядан ёғ импорти 2021 йилдаёқ камая бошлаган экан, ёғ экспортига киритилган янги чекловларнинг ички бозоримизга таъсири кучли бўлмайди, деган тасаввур уйғониши эҳтимолдан йироқ эмас. Умуман олганда, бу фикрда қисман жон бор.

Бироқ бу борада бошқа бир фаразга ҳам эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ — Россиядан ёғ импорти камаймаган, балки у Ўзбекистонга катта эҳтимол билан бошқа ном остида кириб келмоқда. Масалан, январь-февраль ойларида Россиядан импорт қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари қаторида ёғ маҳсулотлари умуман кўрсатилмаган, сабаби ёғ импорти ҳажми жуда кичик бўлган (ёки бир қисми Қозоғистон орқали кириб келган). Айни пайтда, маргариннинг импорт ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 5,8 баробарга ошган ва Россиядан кириб келадиган асосий импорт товарига айланган. Табиий савол туғилади — қисқа муддатда ҳеч қандай сабабсиз мамлакатимизда маргарин истеъмоли шу даражада кескин ошиб кетдими? Албатта, йўқ. Назаримда, бундай тенденциянинг кузатилишига асосий сабаб — Россияда ёғ экспортига тарифларнинг оширилиши. Яъни экспортёрлар (ёки импортёрлар) оширилган экспорт тарифларини айланиб ўтиш мақсадида «ёғни маргаринга айлантириш» орқали ўз харажатларини камайтираётган бўлиши мумкин. Маргарин истеъмолининг бу тарзда асоссиз кескин ўсиши ҳеч бир соғлом ақлга тўғри келмайди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонга ўсимлик ёғи импортида тахминан 60% улушга эга бўлган мамлакатдан импорт ҳажмининг бундай кескин пасайиши ички бозордаги нархга таъсир ўтказмайдими? Албатта ўтказиши керак эди ва ўсимлик ёғи нархининг нисбатан тез суръатда ўсиши январь-февраль ойларидаёқ кузатилган бўларди.

Умуман олганда, Россия томонидан киритилган чеклов бир нечта жиҳатлар орқали ички бозоримизга таъсир қилади. Биринчидан, Россия ўрнатган экспорт квотаси Ўзбекистонга Россиядан ёғ импорти ҳажмини камайтириши мумкин. Лекин ҳозирги кунда Россиядан ёғ номи остида кириб келаётган импорт товари ҳажми жуда кичик эканлигини ҳисобга олсак, бу омилнинг таъсири кучли бўлмайди — ўз навбатида, маргарин импорти ошишда давом этиши мумкин.

Иккинчидан, Россиянинг ёғ экспортига чеклови мамлакатимизга Қозоғистондан кириб келадиган ёғ импорти ҳажмини камайтириши мумкин. Россия ва Қозоғистон Евроосиё Иттифоқига аъзо давлатлар бўлганлиги боис улар орасида товарлар ҳаракати учун деярли ҳеч қандай чеклов мавжуд эмас (истисно ҳолатларни ҳисобга олмасак). Яъни бу икки мамлакат орасида божхона иттифоқи режими амал қилади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизга Қозоғистондан кириб келаётган ёғ маҳсулотларининг бир қисми аслида Россияда ишлаб чиқарилган ҳамда Қозоғистон орқали ре-экспорт қилинаётган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Россия ҳукумати ўрнатган чеклов эса Қозоғистондан кириб келадиган импортга ҳам салбий таъсир қилиши мумкин (аммо бу таъсир сезиларли даражада бўлмайди).

Учинчидан, жаҳон иқтисодиётидаги умумий беқарорлик ортидан ёғ нархларида ҳам сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Бу келгуси ойлардан Ўзбекистон ички бозорига ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Яъни импорт ҳажми камаймаган тақдирда ҳам импорт қилинадиган ёғ эндиликда нисбатан юқори нархларда кириб кела бошлайди. Бу, ўз навбатида, ички бозорда нархнинг ўсишга сабаб бўлади (бундай тенденция март ойидан бошланиб улгурган).

Гўшт маҳсулотлари учун имтиёзли даврнинг узайтирилиши, ёғдан фарқли равишда, ички бозорда нисбатан барқарор вазиятни вужудга келтириши ёки нарх ўсиши кузатилган тақдирда ҳам, бу ўсимлик ёғи билан таққослаганда сезиларли даражада паст бўлиши мумкин. Биринчидан, жаҳон бозорида гўшт нархлари ўсиш суръати ўсимлик ёғи нархлари билан таққослаганда у қадар юқори эмас. Иккинчидан, Ўзбекистонга импорт гўштнинг қарийб 60% қисми Беларусдан кириб келади. Беларусь келгуси ойларда Ўзбекистонга гўшт экспортини оширишни режалаштирмоқда. Юқорида келтирилган икки сабабга кўра янги имтиёзли даврда гўшт маҳсулотлари нархи барқарор сақланиб қолишининг эҳтимоли юқори.

Картошка учун пишиқчилик даври келаётганлиги тахминан август ойига қадар картошка нархларида пасаювчи тенденция кузатилишига замин яратади. Мавсумий пишиқчилик даври тугагач, картошка нархида ўсиш кузатилиши мумкин. Агар имтиёзли давр декабрь ойига қадар узайтирилса, бу картошка импорти ҳажмининг юқори даражада сақланиб қолишига хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, мавсумий пишиқчилик тугагандан кейин ҳам картошка нархларининг барқарор сақланиб қолишига ёки кутилганидан секинроқ ўсишига сабаб бўлиши мумкин.

Умуман олганда, Украинадаги уруш фонида 2022 йил биз каби паст даромадли мамлакатлар учун жудаям синовли давр бўлади. Айни шу кутилмада Марказий банк 2022 йилда инфляция даражаси учун янги 12−14% лик таргетни белгилади. Яъни асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши хавфи ортиб бораётганлиги регулятор ўз кутилмаларини ўзгартиришига сабаб бўлди. Асосий озиқ-овқат маҳсулотларини нархларининг ошиши глобал миқёсда асосий хавотирлардан бирига айланиб улгурди. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларини катта ҳажмда экспорт қилувчи айрим давлатлар баъзи турдаги озиқ-овқат товарларига вақтинчалик экспорт чекловлари ўрнатмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг юқори суръатда ўсиши хавфининг олдини олиш мақсадида баъзи турдаги товарларни ишлаб чиқариш ҳамда импорт қилиш учун берилган имтиёзли даврни яна узайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Умуман олганда, имтиёзли даврнинг узайтирилиши ички бозорга, 2021 йилда бўлгани каби, асосан импорт товарлари (қисман ички бозордаги ўзгаришлар) орқали таъсир қилиши мумкин. Лекин жорий йилда ташқи беқарорликларнинг жаҳон бозорига, хусусан ички бозоримизга ҳам таъсири юқори. Шу сабабли баъзи товарлар учун имтиёзли даврнинг узайтирилиши амалда бу товарнинг нархи барқарор сақланиб қолиши учун етарли бўлмаслиги мумкин. Ёғ маҳсулотлари нархи, юқорида таъкидланганидек, келаётган ойларда қарор қабул қилувчилар учун энг асосий масалалигича қолаверади. Чунки ёғ маҳсулотлари нархи аллақачон сезиларли даражада ўсишни бошлаб улгурди. Аммо ҚҚС бўйича имтиёзлар гўшт ҳамда картошка маҳсулотлари нархи йилнинг иккинчи ярмида ҳам барқарор сақланиб қолишига замин яратиши мумкин. Чунки картошка ёки гўшт маҳсулотлари учун ташқи беқарорлик ёғ маҳсулотлари каби юқори эмас.

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.