Фото: Кинофотофоноҳужжатлар миллий архиви
Фронтдан мактублар.
Уруш қатнашчилари нималар ҳақида ёзишган?
Фронтдан мактублар.
Уруш қатнашчилари нималар ҳақида ёзишган?
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ўз яқинларига хатларда нималар ҳақида ёзишган? «Газета.uz» Шон-шараф музейи ва «Ўзархив» агентлиги тақдим этган хатлар билан бўлишмоқда. Жангчилар нафақат ўз яқинларига нома йўллаган, балки газеталар таҳририятларига уруш ҳақидаги ҳикояларини юборишган ва ҳаттоки шеърлар ҳам ёзишган.

Ўзбекистон Шон-шараф давлат музейи Иккинчи жаҳон уруши даври тарихини ўрганиш бўлими бошлиғи Ибадулла Алтиновнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, уруш йилларида 6 миллиарддан ортиқ хатлар ёзилган. Шулардан

2,8 миллиардга яқини фронтдаги жангчилар томонидан юборилган.


Ўзбекистон Давлат архивида аскарлар томонидан ёзилган 5 мингдан ортиқ хатлар сақланади. Улар ўз яқинларига, шунингдек турли хил газеталар таҳририятларига ёзишган. Шон-шараф музейи «Ўзархив» агентлиги билан биргаликда ушбу хатларни ўрганиб чиқишди ва уларни бир китобга йиғишди.


Айрим хатлар Германия армияси Совет Иттифоқи ҳудудига бостириб киришидан олдин ёзилган.

«3 йилда ҳам қайтишимиз аниқ эмас»
Салом етиб маълум бўлсинким, мен яхши кўрган жиянингиз, Иброҳимов Ф. томонидан сиз холажоним Абдиевага, дадажоним ва онажонимга ўткир ва қизғин салом бўлсин. Укажонларимизнинг ҳаммасига салом бўлсин. Мендан хат бормагани учун хафа бўлиб юрганларингизни билиб, ушбу хатни ёзишга мажбур бўлдим.

Бизлар 31 мартда Новоград-Валинск шаҳридан бир кеча ўзимиз ҳам билмай қолиб, вагонга миниб жўнаб қолдик, шундай қилиб бир неча суткадан кейин Винница деган шаҳарга келиб қолипмиз. Бу ерда бизларни ва бошқа жойдан келган аскарлардан, 200 га яқин киши, полковой школага олди, шуларнинг ичида биз ҳам бор. Бизларга точни адрес бермагани учун мен сизларга ҳам ёзиб ўтирмадим, бу учун хафа бўлманглар.

Энди мени аҳволимдан сўрасангиз ёмон эмас. Бу жой Новоградга қараганда анча яхши эканлиги аниқ бўлди. Магазинларга қачон борсангиз нон, емиш нарсалардан топилади, ишлар яхши.

Фақат озгина бизларни 2 йилда боришимиз 1 йилга ортди, 3 йилда ҳам аниқ эмаслиги турган гап. Полковой школани сентябрь ойида тамом қилиб, ишга чиқиб кетамиз. Ҳозир дарслар жуда қийин бошқаларга қараганда ... жуда қаттиқ … бормоқда. Командир боласизлар деб ҳар кун 3 соат кундалик занятидан занятие (дарс – тарж.), ўтади. Соғ бўлсак бир кун кўришиб қолармиз. Бу учун хафа бўлиб юрманглар.

Файзулла Иброҳимов. 12 апрель, 1941 йил.

Хатларнинг аксарияти фақат саломлардан иборат. Ибадулла Алтиновнинг сўзларига кўра, айрим ҳолларда жангчилар яқинларига фақат ўзларининг тириклигини билдириш учун хат юборишган. Умуман вақт бўлмаган баъзи пайтларда эса аскарлар шунчаки бўм-бўш хат юборишган, бу уларнинг аҳволи яхшилигини билдирган.


Кўплаб уруш қатнашчилари яқинларидан суратларини юборишларини сўрашган ва ўзларининг расмларини ҳам жўнатишган.

Соғинчлик саломнома хат!
Ўғлингиз Нурматдан сиз меҳрибон опамга кўпдан-кўп салом бўлсин. Ҳалийма укамга салом бўлсин. Тозагул укамга салом бўлсин. Кенжавой, қаробой укамизга кўпдан-кўп, дважи салом бўлсин ва бошқа мени сўровчиларга салом айтинг. Шунинг билан саломим тамом.

Қадрли ва қимматли опа, менинг вақтим хуш, жоним соғ, ўйнаб кулиб Беларуссияда дам олишда ҳозир ҳам турамиз. Мени ўзингиз кўргандагидан вақтим хуш. Опа, менга аҳволларингиздан хат ёзинг ва шу хатни олишингиз билан менга ўзингизнинг ва укамларнинг расмини, барингиз бирга расмга тушиб юборинг. Опа, мен сиз юборган бир дона Раҳима опам билан тушган расмингизни ҳозир ҳам сақлаб юрибман. Опа, қандай бўлса-да расмингизни юборинг, сизни соғинаман. Опа, мен Раҳима опамлардан ҳозир тез-тез хат олиб турибман, шунунг учун сизлар ҳам тез-тез хат ёзиб туринг. Хўпми, деб хат ёзувчи,

Нурмат Сапаев. 1 октябрь 1944 йил.

«Минглаб ёзсам ҳам, барибир сизларни кўролмайман»
Мен, ўғлингиз бўлмиш Баҳрон Рофиевдан, сиз меҳрибон дўстларимга соғлиқ салом.

Азиз дўстларим. Мен соғман, димоғим чоғ, вақтим хуш, фақатгина сизларни тушимда кўриб, хафа бўламан. Мен сизлардан хат олаёбман, лекин оз. Сизнинг аҳволларингни эшитиб, ўзимга-ўзим хафа бўламан: бир ёқдан акамни касалларига ва тўтумни аҳволларига. Сизларни жудаям соғиндим. Мен сизларга яна расм юбордим, аввалги хатда ҳам расм юборган эдим, яна бу хат билан ҳам 3 дона расмимни юбордим. Бир донаси Бийижонимга, иккинчиси Акажонимга, учинчиси Малоҳатхон укажонимга.

Малоҳат укажон, мен сендан жуда хурсандман, чунки мени фақат сендан бошқа ҳеч ким йўқламайди. Акамдан ҳам гина қилмайман, чунки у кишини касаллари бор. Хайр Акажон, хафа бўлманг, бу кунлар ҳам ўтар, кўрмагандек бўламиз. Бийижонимдан ҳам хафа эмасман, чунки Бийижонимни хату-саводлари йўқ. Шунинг учун Бийижонимни тилларидан укамлар ёзади. Мен фақат сизларни кўз олдимга кўруб тураман, фақатгина қанотим йўқ учишга, йиғмажилд йўқ боришга.

Азиз дўстларим, кўпи ўтди, ози қолди, тез кунда душманни тор-мор этиб, уйга қайтиш кунига оз қолди, агарда (ўлмасак).

Бийижон мана шу билан тўртинчи расмимни юбордим, шу расм боргандан кейин тезлик билан жавобини ёзиб юборинглар. Нима янгиликлардан бўлса, хатга ёзинглар.

Мен Абдуллаевга 3–4 та хат ёздим, менга бир дона ҳам жавоб ёзмадилар, сабаби нима. Кўрсангиз «Баҳрондан сизга салом» деб, нима учун хат ёзмадинглар деб аниқлаб сўранг. Мен ҳурматлаб хат ёздим, улар мени хатимни олган-олмаганини билмадим...

Меҳрибон Бийижон, мендан Бурхонжонга салом айтинг. Мен унинг хатини 2 сентябрда олдим, ўқиб озроқ хафа бўлдим, чунки амакимдан 1 йилдан бери хат йўқ экан. Хайр майли, Янгамулломга салом, укаларимга салом ва жами боғдагиларга бир-бир салом.

Бийижон мен шу хатим билан 3 дона расм билан сизга ёрдам учун справка олиб юбордим, олган заҳоти жавобини менга тезлик билан етказинглар. Холбойни, Абдуғанини адресларини олдим, буларга ҳам хат ёздим. Мендан саломлар айтинг <...>

Мен ҳозир Полша шаҳрида турибман, бу расмлар Полшадан эсдалик бўлади. Мен расмларни орқасига ошибка қилиб қўйдим, ўчирилган 2 донаси. Хайр меҳрибон дўстларим, бу расмни олиб, расм билан гаплашиб сўранг Баҳронни авҳоли қандай деб, мен учун расмимдан сўранглар.

Хайр, нима ёзганимни билмайман, минглаб ёзсам ҳам, всё равно вас ни вижу (барибира сизларни кўрмайман).

Привет из Польши, пишет ваш сын Барис Р.М. Жавоб кутаман. 3 сентябрь 1944 йил.
реклама
реклама
Шон-шараф музейи вакили Ибадулла Алтиновнинг таъкидлашича, уруш пайтларида ҳар бир юборилган хат цензурадан ўтказилган. Шу сабабли, «ватанпарварлик руҳида» ёзилмаган хатлар ўз манзилига етиб бормаган бўлиши мумкин.

Хатларда уруш қатнашчилари узоқда бўлишларига қарамасдан ўз яқинларининг ҳаётида иштирок этишга интилганликларини кўриш мумкин. Улар болаларнинг ўқиши ҳақида қизиқишган, оилаларига ёрдам бериш учун пул ҳам юборишган.
«Биронтангизнинг бу ерга келиши қийин бўлади»
Соғинчлиқ салом!

Саломдан сўнг мен ўзимнинг бу томонда соғ ва саломат бўлиб, хизмат этиб юрганлигимни сизларга билдириб туриб, сизларнинг ҳам Самарқанд шаҳрида соғ ва саломат бўлиб ишлаб, ўйнаб кулиб юришларингизни ҳозирги оғир кунларнинг бирида тилаб юрмоқдаман.

Беш ойдан бери хат олмасдан юриб, 27 октябрда ёзган хатларингизни 13 ноябрда, бирданига сизлардан хат олиб шундай хурсанд бўлдимки, ҳе... энди ҳеч қўяверинглар, гўёки бошим осмонга етди <...>

Энди биронталарингизнинг келишларингизни тўғрисида бўлса, ўйлаб туриб, бир оз чатоқроқ топдим. Чунки биринчидан, бу ерга келгандан кейин ҳаммадан асосийси овқат топишнинг ўзи бир мушкул иш, яъни ҳатто картошка, карам книжкага берилади ҳали нон у ёқда турсин. Иккинчидан, «Худо билади», бу ерга келганларингизча мен бу ердан кетиб қоламанми юқорига қараб. Учинчидан, бир кунда борадиган йўлни поезд шу кунлар уч кун юради.

Шунинг учун ҳам сизлар ҳам бу масалани яна бир ўйлаб кўринглару, агар жуда ҳам келмоқчи бўлсанглар 10–15 кунлик овқат олиб келмасанглар, иш чатоқ. Уруш бошланмагандан бурун шу станцияга Самарқанддан 2–2,5 кунда келиш мумкин эди. Ҳозир энг ками 6 кунда келса бўлади, бўлмаса 8 кун.

Бу сонларни кўриб, келадиган бўлсалар ҳам энди келмайдиган ҳам бўларлар. Келинглар, шуниси тўғри, қўйинглар шу фойдасиз ташвишларни. Умримиз узоқ бўлса, соғ ва саломат бўлсак яқин орада бир-бирларимизни кўриб кетармиз.

Энди об-ҳаво тўғрисида бўлса, бу ерлар ҳам Москва томон совуқларидан қолмайди. 25 октябрдан бошлаб қор ёға бошлади. Ҳозирча совуқ -20...-25 градус ўртасида турибди.

Бурҳон! Мен сенинг яхши ўқиганлигингни ҳам, ўқишда ҳамма жиянларимдан ўтганлигингни назарга олиб туриб, сени юз сўм пул билан мукофот қиламан ва яна ҳам ўқишингни аъло даражада давом эттиришингни тилайман. Мен 13 ноябрда уйимизга алоҳида беш юз сўм юборган эдим. Энди ўша пул бориб етса, онамиз олдиларига борсанг, сенинг юз сўмингни берадилар. Мен Бурҳонга юз сўмни берсинлар деб телеграммага ёзган едим. Шунинг билан сўзим тамом.

Агар тайёр суратларингиз бўлса, шу хатнинг жавоби билан бирга юборишларингизни сўрайман.

Катта-кичик ҳаммаларингизга кўпдан-кўп салом билан летчик Наби. Жавобингизни кутиб қоламан, кўришгунча хайр. 16 ноябрь 1941 йил.
«Кўз олдимда тургандексизлар»
Совет иттифоқи қаҳрамони майор Рафтопулло — хотини ва фарзандларига. 20 март, 1942 йил.
Азизам Шурик ва болалар!

Дам олиш соати. Ундан фойдаланиб, сизларга мактуб ёзяпман, ваҳоланки жанглардан кейин жуда қаттиқ чарчаганман, бир неча тун ухламаганман. Вазият жуда мураккаб эди, аммо топшириқ бажарилди.

Штаб автобусида ўтирибман. Ҳамма ухлаяпти, фақат алоқачи ўзининг ускунасини созлаяпти. Бизда қаттиқ совуқ бўляпти, бу балки охирги совуқлардир, аммо улар жуда қаттиқ турибди.

Қанийди тезроқ иссиқ келса, чунки ҳар доим кийимдаман ва кийимни алмаштириб олишга имкон ҳам йўқ, жой ҳам йўқ. Душман чекинаётганда барча нарсаларни ёндириб кетмоқда, ва умуман ҳозир дам олиш вақти эмас. Дам олиш душман яксон қилинганидан кейин бўлади.

Бу урушнинг қийинчиликларига чидаш учун кучимиз етади. Шура, қандай яшаётганинг, вақтингни қандай ўтказаётганинг мени жуда қизиқтиради. Сизларга қийин бўлди, майли ҳечқиси йўқ, бўладиган иш бўлди. Энди келажакда нима бўлиши ҳақида ўйлаш керак. Болаларимиз қандай? Сен Женечкани болалар боғчасига беришинг керак, Лариса эса ўқиётган бўлса керак, ўғлимиз эса чопқиллаб юрган бўлса керак-а? Кўз олдимда тургандексизлар.

Ҳаммани ўпиб қоламан. Сенинг Анатолинг.
Фронтдан юборилган кўплаб хатлар газеталар таҳририятларига юборилган. Аскарлар, уруш қатнашчилари ўзларининг ҳикояларини, бошдан кечирганларини ва шеърларини газеталарда чиқариш умидида жўнатишган.
«Бир соатлик жангда»
Хатолари бўлса тузатиб, газетанинг яхши ўрнига чиқаринг.
Тонг отмоқда эди, бир минут ўтгач милтиқ отишмалари эшитилди. Ҳали бизнинг томонда жимжитлик эди. Яна беш минут ўтгач, пушкаларнинг бизга томон отилгани ва танкнинг тепаликка кўтарилгани кўринди. Сўнг бизни аскарларимиз жангни бошлаб юбордилар. Кейин бизнинг танк ва Артиллериямизга команда берилди.

Шундан сўнг жанг бошланиб кетди ва 30 минут ўтгач бизнинг частимиз С. қишлоғига бостириб кириб, 40 нафар немиснинг танки, 3 нафар катта пушкасини ва 15 нафар машина, 100 га яқин милтиқ шунга ўхшаш ҳар хил ўлжаларни қўлга туширдилар.

Бизнинг частимиз душманнинг 150 га яқин солдат ва офицерини қириб ташладилар ва бир қанча немисларни тириклайига ушлаб олдилар. Яна 45 минут ўтгач Б. номли станцияга етиб бордилар. Станцияда жанг қизиб кетди. Немислар яна бизнинг частга қаратиб 15 нафар танкасини қўйдилар. Бизнинг Артиллериямиз ўти билан 9 нафар танкни ишдан чиқарди ва 2 нафар танкни мажақлаб ташлади.

Шундай қилиб бир соатлик жангда 20 км га яқин еримизни душмандан қутқариб олдилар.

Салом билан разведчик Турсунбой Байзақов. Ғарбий фронт.
27 сентябрь, 1943 йил.
«Артиллериячиларнинг нишонга аниқ зарбалари»
Ҳурматли муҳаррир! Артиллериячилар ҳаётидан 2 та жанг эпизодини юбормоқдаман. Мен газетангизда штатдан ташқари ҳамкорлик қилиш бўйича сизлар билан келишиб олмоқчи эдим.

Урушгача мен «Пионер Востока» газетасида ишлаганман, шунингдек, «Правда Востока» газетасида штатдан ташқари мухбир сифатида фаолият кўрсатганман. Сўнгра ўртоқ Ленский «Фрунзе» газетасига ўтиб кетиши билан мен Қизил Армия сафига чақирилгандим ва шу пайт «Правда Востока» газетаси билан алоқам узилди.

Ҳозир мени ҳар қалай бўш вақтим бўлиб туради, шу вақтда мен сизга фронт ҳаётидан (долзарб мавзуда) материал юбориб туришим мумкин.

Ҳурматли муҳаррир! Агар мендан материаллар қабул қилишга рози бўлсангиз, сиздан ўтиниб сўрайман, илтимос, бир нечта тоза қоғоз варақларини менга юборинг. Имкониятга қараб, менинг мақолаларим эълон қилинган газеталар сонини менга юбориб туришингиз ҳақида келишиб олсак.

Хўп хайр. Дўстона салом билан.
Лейтенант Евг. Колмаков. 13 январь 1943 йил.

P.S. Агар ўртоқ Ленскийнинг манзилини билсангиз, менга хабар беринг, илтимос.
реклама
реклама
Яна қизиқ фактлардан бири шундаки, ўзбек тилидаги хатлар уч хил алифбода ёзилганлигини кўриш мумкин: кирилл, лотин ва ўзбек тилининг араб алифбосида. Баъзи хат муаллифлари матнни ёзганда алифболарни чалкаштириб ҳам юборишган.

Катта эҳтимол билан бу 1940 йилдан Ўзбекистон ССРда лотин алифбосидан (яналиф) кириллга асосланган янги алифбога ўтиш бўйича қарор билан боғлиқ бўлиши мумкин. Мамлакат 1942 йилгача янги алифбога тўлиқ ўтиши керак бўлган.
«Жанг майдонидан»
Меҳрибон ота-она, ака-ука, хотин, бола-чақа, қариндош-уруғлар. Бизлар ким меҳрибон ўғил ва укаларингиз, эр ва акаларингиз. Сиз меҳрибонларнинг бизларга «Ўзбек халқининг уруш майдонидаги душманга қарши урушаётган ўғил ва укаларимиз, эр ва акаларимизга» деб ёзган мактубларини 1 ноябрда «Правда» газетасида ўқиб, чексиз севиндик. Бу мактубингизни бутун бошли миллат ўртоқларимизга ўқиб бердик.

Сиз меҳрибонларни бу мактубинглар бизнинг кучимизга куч қўшди, қувватимизга қувват қўшди, духимизни жуда баланд кўтарди. Сизларнинг бизларга қилаётган катта яхшиликларингиз учун чин кўнглимиздан ташаккур билдирамиз.

Меҳрибон ота-она, ака-ука, хотин, бола-чақалар, сизлардан сўраймизки, бутун кучингларни душман фашизмни тезроқ йенгиш учун улуғ Қизил Армиямизга ёрдамга сафарбар қилинглар, планингларни ошиғи билан бажаришга тиришинглар, оранглардаги дангасаларни тезликда фош қилинглар.

Бизлар ҳам бир қадам ҳам орқага силжимасдан, душманни ўз еримиздан қувлашга тайёрмиз, душманни айрим участкаларда атакасини тўхтатдик. Бизнинг йўл тўғри йўл, биз енгамиз, душман фашизм ер юзи билан яксон қилинган бўлди.

Ўртоқ муҳаррир, ушбу мактубни уруш майдонида яшаб ёздик, эски алифбода. Чунки янгисида кўп хато қиламиз, чунки бизлар 38–39 йилдан бери армиядамиз.

Сизлардан сўраймизки, ушбу хатни кенгайтириб газетада босиб чиқаринглар.

Буюк эҳтиром билан узоқдан табаррук қўлингларни суйиб, қучоқлашиб, хайрлашиб қолувчи урушчи ўғил ва укаларингиз, эр ва акаларингиз.

Алимжанов Умар Каримович, Султанов А., Йўлчиев А., Жумоллаев Г., Мавланов А. ва бошқалар ушбу хатни юзга яқин ҳар хил миллатли фронтовиклар номидан ёздик. 2 ноябрь, 1941 йил.

Ҳикоялардан ташқари, хатлар матнида кўплаб шеърларни учратиш мумкин. Кимдир машҳур шеърлар мисраларини кўчирган бўлса, кимдир уруш майдонларида ўзи шеър ёзган.


Масалан, лейтенант Азимжон Гафуров таҳририятга хат юборади ва ўзининг шеърига адабий жиҳатдан танқид беришларини сўрайди.

«Ёзиб туришга қарздорман, деб ҳисоблайман»
Ўртоқ редактор!

Билмадим, бу хатим Сизга қачон етиб борар экан. Агар бу хат қўлингизга тегса, чин юрагимдан алангали саломлар қабул қилингиз, шу билан қуйидаги арзимни тинглашингизни сўрайман.

18 ойдирки илғор линиядаман. Мен тушунаманки, бу ерда олтин тупроқли Ўзбекистонимни, яъни тотли ҳаётини қўриқлаётирман. Буни халқим буюрган, бажармоқдаман. Ҳар қалай туғилган ерим – Ўзбекистон, ундаги фронт қандайлиги, маданияти, дўстлар ҳаёти, ота-онам ҳаёти қандайлиги мени қизиқтиради. Қизиқтиради – тоқат қилолмайман! Бу ҳақда хабар бергувчи ўртоқлар ҳам мен қатори фронтдадир. Шунинг учун сиз улуғ зотларга арз қилишга тўғри келди, мени кечирурсиз деб умид қиламан. Юқоридаги тилагимни қониқтирадиган бир неча экземпляр газета номерларидан, иложи бўлса журналлар юборишингизни сўрардим. Ҳеч бўлмаса дўстона хат ёзсангиз ҳам майли эди. Бу билан тупроқ кўнглимни фалак янглиғ кўтарган бўлур эдингиз.


Ўртоқ редактор, адабий ишга қизиқиш бор мақсадим эди. Лекин вақт камлиги ва маслаҳатдош бўлмагани натижасида юрагимдаги қизиқиш алангаси бўғилиб қолмоқда. Бошқа варақда 2 шеър юбордим. Уни адабий хизматчиларингиз ёрдами билан кўриб чиқиб, яқин маслаҳат беришингизни сўрайман, сизнингча бу мисралар темаси, сюжети, қурилиши шеърга ўхшамаса ҳам, қурулишига кўра ёш ўқувчи деб ҳисобласангиз ҳам бахтиёрман.

Бу арзимас мисраларим билан сиздай олийжаноб хислатли кишиларга, сиздай олий орган эгаларига мурожаат қилганим – камчилигимдир. Буни тушунаман. Лекин бунга қарамай жавоб ёзарсиз ва умидим куртакларини ўсишига ёрдам берарсиз, деб умид қиламан.

Агар тузатишни иложи бўлсаю, шеърга ўхшатишни имконияти бўлса ва бунга қимматли минутларингизни сарф қилиб ўқиб чиқсангиз, билмадим севинганимдан қандай ҳолга келардим!

Келгусида устма-уст бўш вақтларим меваларини тўплаб, ёзиб туришга қарздорман, деб ҳисоблайман ўзимни. Мен шеър деб атаганим адабиётга қўполлик эмасми? Агар сиз шеър деб ҳисобласангиз, матбуотингиздан унга яраша ўрин берсангиз, билмадим, гарчи узоқ бўлсам ҳам қандай юқори ҳурматларимга сазовор бўлган бўлур эдингиз.

Сизга салом ва ҳурматлар билан, лейтенант Азимжон Гафуров, 4 май 1943 йил.

P.S. Хатдаги камчилик – ўнг қўлим ярадорлигидир, уни албатта кечирурсиз деб умид қиламан.

Фотосуратлар Ўзбекистон Шон-шараф Давлат музейига тегишли.
«Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг