Грециянинг Ираклион шаҳрида ўтаётган оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Турсуной Жабборова 3 та олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Турсуной Жабборова -87 кг вазн тоифасида даст кўтариш ва силтаб кўтариш машқида жаҳон чемпионига айланди.

Даст кўтариш машқида Жабборова илк чиқишининг ўзида 101 кг, шундан сўнг 105 ва 109 кг тошни кўтариб, яққол пешқадамга айланди.


Силтаб кўтариш машқида эса Турсуной 129 кг натижаси билан олтин медалга сазовор бўлди.

Шу тариқа, иккикураш натижасига кўра, Турсуной 238 кг натижа билан Жаҳон чемпиони бўлди ва терма жамоа ҳисобига учта олтин медал қўшиб қўйди.

Маълумот учун, ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида оғир атлетика бўйича терма жамоа 5та олтин медал ва битта кумуш медални қўлга киритди.

Аввалроқ, ушбу жаҳон чемпионатида Шарофиддин Амриддинов -102 кг вазн тоифасида ғалаба қозонгани ҳақида хабар ёзган эдик.