Чирчиқ ҳокимлиги матбуот котиби ишдан олинди

Чирчик шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Фаҳриддин Қодиров ижтимоий тармоқлардаги изоҳларидан кейин ишдан олинди. АОКАнинг таъкидлашича, у давлат хизматчисининг ахлоқий меъёрлари ва кодексини бузган.

Табиий газ импортчилари божхона божини тўлашдан озод қилинди

Табиий газни экспортга реализация қилишда акциз солиғи ставкасининг ноль фоиз миқдорида белгилангани, табиий газ импортчиларининг божхона божидан озод қилинаётгани, геология-қидирув ва изланиш ишларининг қатор солиқ ва тўловлардан озод қилинаётгани ва бошқа янгиликлар — президент ер қаъридан фойдаланувчиларни солиққа тортиш бўйича янги фармонни имзолади.

АКТ вазирига янги ўринбосар тайинланди

«Ўзкомназорат» бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаб келган Дониёр Рустамов ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.

Ўзбекистон Россиядан 1 млн гектар ер майдонини ижарага олмоқчи

Ўзбекистон Россия ҳудудидан 1 млн гектар ер майдонини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ижарага олмоқчи. Бунга Ўзбекистондаги сув ресурслари танқислиги сабаб эканлиги айтилмоқда. Ижара ерларидан олинган ҳосил Ўзбекистоннинг ички бозоридаги талабни қондиришга йўналтирилади. Ўтган йилнинг декабрь ойида президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорларга Россия ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни таклиф қилган эди.

Пробация хизмати 60 мингдан ортиқ шахсни назоратга олган

Сентябрь ҳолатига Пробация хизмати томонидан 60 минг 434 киши назорат остига олинган. Уларнинг 91,5 фоизини эркаклар, 8,5 фоизини аёллар, 28 фоизини ёшлар ва 1 фоиздан камроғини вояга етмаганлар ташкил қилади. 2001 йилда битта инспектор 13 кишини назорат қилган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 108 кишига етди.

Ўзбекистон президентининг Россияга ташрифи ноябрь ойида бўлиб ўтиши кутилмоқда

Ноябрь ойида Ўзбекистон президентининг Россияга ташрифи кутилмоқда. Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин телефон орқали ташрифга тайёргарликни муҳокама қилдилар.

«Чорвоқ оромгоҳи» яхлит мулк сифатида сотувга қўйилди

«Чорвоқ оромгоҳи» масканининг 8 та алоҳида лотлар бўйича савдо жараёнлари тўхтатилди ва оромгоҳ яхлит мулкий мажмуа сифатида аукционга қўйилди. Харидорга ҳудуддаги меҳмонхона ва туризм инфратузилмасини сақлаб қолиш ҳамда Чорвоқ оромгоҳининг Германия компанияси олдидаги 573 минг 568 евро қарзини тўлаш талаби қўйилмоқда.

Шавкат Мирзиёев Сирдарёда «Гулистон сити» қурилишини таклиф қилди

ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Гулистон шаҳрининг эски деҳқон бозори ўрнидаги 42 гектар майдонда «Гулистон сити» барпо этилишини таклиф қилди. Аввалроқ, «Адолат» партиясидан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов шаҳарларда «сити» қуришга ружу қўйилганлигини танқид қилган эди.

ХМК мактаблар қуриш учун инвестиция жалб қилишга ёрдам беради

Халқаро молия корпорацияси Ўзбекистон ҳукуматига мамлакат вилоятларида замонавий ва энергия жиҳатидан тежамкор 15 тагача мактабларни молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва хизмат кўрсатиш учун хусусий операторни танлашда тендер ўтказишга ёрдам беради.

Ўзбекистон ва Толибон ҳукумати ТИВ раҳбарлари Кобулда учрашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги раҳбари вазифасини бажарувчи Амир Хон Моттакий билан учрашувда транзит, энергетика ва савдо масалаларини муҳокама қилди. Афғонистон томони Мозори-Шарифдаги аэропортни реконструкция қилиш ва бошқа соҳалардаги ёрдам учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ИИББга 3 млрд сўм ажратади

Тошкент вилояти ҳокимлиги маҳаллий бюджет ҳисобидан ИИББга жамоат тартибини сақлаш ва бошқа мақсадлар учун 3 млрд сўм ажратади.

Индонезияда хитой-ўзбек вакцинасидан фавқулодда фойдаланишга рухсат берилди

Индонезия Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори препаратлари назорати агентлиги ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидан фавқулодда фойдаланишга рухсат берди. Ушбу вакцинанинг III фаза синовларида жами 4000 нафар кўнгилли иштирок этган ва 92,92% фоиз самарадорликни кўрсатган.

ОТБ Ўзбекистонда молиявий бозорларни ривожлантириш учун 100 млн доллар ажратади

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда рақобатбардош молиявий бозорларни ривожлантириш учун 100 млн долларлик кредитни маъқуллади. Кредит маблағлари мамлакатда молиявий бозорлар учун қулай муҳит яратишда зарур бўлган давлат сиёсати, қонунчилик ҳамда институционал ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

Садриддин Айний номидаги Бухоро театри 2022 йилда таъмирланади

11 йиллик қаровсизликдан сўнг Садриддин Айний номидаги Бухоро давлат мусиқали драма ва комедия театрини таъмирлашга 2022 йилда 64,5 млрд сўм ажратилиши маълум қилинди. Театр жамоаси ҳозирда фаолият юритаётган «Кўҳна ва боқий Бухоро» мажмуасидаги театр биноси эса маданият саройига айлантирилади.

«Толибон» ўзбек тили мақоми ва Ўзбекистон хавфсизлиги бўйича аниқ кафолат берди — Абдулазиз Камилов

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Кобулга ташрифи давомида Афғонистоннинг муваққат ҳукумати мамлакат «заминидан Ўзбекистонга қандайдир таҳдид ёки хавф чиқишига йўл қўймаслиги» бўйича «кучли ва аниқ кафолат» берганлигини маълум қилди. Шунингдек, Камилов ўзбек тили ва маданияти «толибон» ҳукумати даврида ҳам ривожланишда давом этишини таъкидлади. У яқин орада Термизда иккала давлатнинг ишчи гуруҳлари музокаралари ўтказишини ҳам маълум қилди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Фото: Князь Романовнинг саройи

Яқин йилларда Тошкент марказидаги князь Романовнинг саройи ва унга туташ боғ пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун очиқ бўлади. У кўп йиллардан буён одамлар ташрифи учун ёпиқ эди. Сарой интерьери ва фасадининг кўриниши — «Газета.uz» фоторепортажида.