7 октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Афғонистон муваққат ҳукумат раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдул Кабир бошчилигидаги Афғонистон раҳбарияти вакиллари билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда Афғонистон Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Салом Ханафий, транспорт ва фуқаро авиацияси, умумий ишлар, энергетика ва сув ресурслари вазирлари ҳам иштирок этди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Томонлар мамлакатдаги мавжуд вазият, Афғонистон халқига гуманитар ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатлар, шунингдек, мамлакатда энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.

«Авваламбор, биз афғон биродарларимиздан „ҳеч қачон Афғонистон заминидан Ўзбекистонга қандайдир хавф, қандайдир таҳдид чиқишига йўл қўймаймиз“ деган кучли ва аниқ кафолатларни олдик, улар бизга шу ваъдани беришди», — дея таъкидлади Абдулазиз Камилов учрашувдан сўнг берган интервьюсида.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари, шунингдек кун тартибида иқтисодий, транспорт-коммуникацияга тегишли масалалар бўйича ҳам келишувларга эришилганлигини таъкидлади.

Томонлар яқин орада Термиз шаҳрида савдо-иқтисодий масалаларини, жумладан, «Сурхон — Пули-Хумри» электр узатиш тармоқлари ва «Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар» йўналиши бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун қўшма музокаралар ўтказиш тўғрисида келишиб олдилар.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

«Яқин орада бизнинг ишчи гуруҳлар Термизда йиғилишади ва бу масаланинг ҳаммасини ҳам ҳал қиламиз. Чунки келажакда катта лойиҳалар бор», — деди ташқи ишлар вазири.

Ўзбекистон ТИВнинг таъкидлашича, Афғонистон томони ушбу лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилинган ўзбекистонлик мутахассисларнинг хавфсизлигини таъминлашга тайёрлигини маълум қилди.

Бундан ташқари, ташқи ишлар вазири «Толибон» ҳукумати Афғонистонда ўзбек тилининг мақомини ривожлантиришда давом этишини ҳам таъкидлаган.

«Афғонистон заминида узоқ вақтдан буён истиқомат қилиб келаётган ўзбек ватандошларимизнинг тили ва маданияти Афғонистоннинг янги ҳукумати даврида ҳам ривожланишда давом этади», — деди у.

Афғонистон муваққат ҳукумати аъзолари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга афғон халқининг орзу-интилишларига қаратаётган эътибори, озиқ-овқат инқирозининг олдини олишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон президентининг мамлакатнинг янги ҳокимияти билан конструктив ва ўзаро мақбул мулоқот ўрнатишга қаратилган сиёсатини ҳамда халқаро ҳамжамиятга Афғонистоннинг хориждаги музлатилган активларига нисбатан қўйилган чекловни олиб ташлаш чорлови юқори баҳоланди, дейилади ТИВ хабарида.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Афғонистон делегацияси аъзолари Ўзбекистон ҳукуматига «Мозори-Шариф» халқаро аэропорти фаолиятини тиклаш, Ўзбекистон — Афғонистон чегарасининг узлуксиз ишлаши, у орқали мамлакатга доимий равишда озиқ-овқат ва бошқа турдаги бирламчи товарлар етказиб беришдаги кўрсатилаётган ёрдам учун ҳам чуқур миннатдорлик билдирди.

Шу куни Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Амирхон Муттаки билан ҳам алоҳида музокаралар олиб борилганлиги ҳақида олдинроқ хабар берилган эди.

Олдинроқ ижтимоий тармоқларда «Толибон» ҳаракати Афғонистон ҳудудида ўзбек тилининг ўқитилишини тақиқлагани,бир қатор ўзбек муаллифлар асарлари йўқ қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ўзбекистон ТИВ «Толибон» расмий раҳбарияти билан бўлиб ўтган суҳбати чоғида «ушбу ахборотнинг ҳақиқатга зидлиги»ни таъкидлаган эди. Вазирлик «Толибон» вакили ўзбек тили, пушту ва дари тиллари билан бир қаторда, бундан буён ҳам Афғонистоннинг расмий тилларидан бири бўлиб қолишини тасдиқлаганини маълум қилди.