7 октябрь куни Ўзбекистон ҳукумати ва Халқаро молия корпорацияси (ХМК, IFC) 15 тагача мактабни қуриш ва таъминоти билан шуғулланиш учун хусусий сектор капитали ва тажрибасини жалб қилиш бўйича шартнома имзолашди. Корпорациянинг баёнотида айтилишича, бу сифатли инфратузилмага ошиб бораётган талабни қондириш ва таълим сифатини яхшилашга ёрдам беради.

«Ўзбекистон аҳолисининг ўсиб бориши билан янги мактабларга талаб кескин кучаймоқда. Мавжуд мактабларнинг кўпи бир нечта сменаларда ишламоқда, улардаги синфлар тўлиб кетган, баъзи болалар мактабига бориш учун узоқ масофани босиб ўтишига тўғри келмоқда. Бундан ташқари, мактабларнинг аксарияти таъмирланишга ва янги ускуналарга муҳтож», — дейилади баёнотда.

ХМК Ўзбекистон ҳукуматига давлат-хусусий шерикликнинг (ДХШ) пилот лойиҳаси доирасида тендерни тайёрлаш ва ўтказишда кўмак беради. Тендер натижасида Ўзбекистоннинг турли вилоятларида янги замонавий энергия жиҳатидан тежамкор 15 тагача мактабларни молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва хизмат кўрсатиш учун малакали хусусий оператор танланади.

Лойиҳа 10 мингдан ортиқ янги ўқувчилар жойини яратиши кутилмоқда, бу эса мактабларнинг лойиҳа қувватини оширади ва мавжуд мактабларга бўлган юкламани камайтиради. Агар лойиҳа муваффақиятли амалга ошса, бундай модель янада кўпроқ мактаблар ва болалар боғчалари учун қўлланилади, дея маълум қилди Ўзбекистон молия вазирининг ўринбосари Одилбек Исоқов.

«Мактаблардаги инфратузилма ва ўқиш муҳити ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг мотивациясига, шунингдек таълим сифатига тўғридан-тўғри таъсир қилади», — деди ХМКнинг минтақавий менежери ва ХМКнинг ДХШ лойиҳалари бўйича маслаҳат органи раҳбари Мунир Ферози.

Ҳозирда Жаҳон банки гуруҳига кирувчи ХМК Австрия, Германия ва Швейцария ҳукуматлари ҳамда Инфратузилмани ривожлантириш бўйича Глобал фонд билан ҳамкорликда Ўзбекистон ҳукуматига энергетика ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги мамлакатдаги биринчи ДХШ лойиҳалари бўйича консультациялар бериб келмоқда.