Ўзбекистон президенти 6 октябрь куни «Геология-қидирув ишларини янада рағбатлантириш ва ер қаъридан фойдаланувчиларга солиқ солиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2022 йил 1 январдан бошлаб муҳим тижорат салоҳиятига эга бўлган углеводородлар, қимматбаҳо, рангли, нодир ва радиоактив металлар ва бошқа турдаги рудали фойдали қазилмалар объектлари бўйича геологик ўрганиш ёки аввал ўрганилган ер қаъри участкасида қазиш ишлари учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини танлов савдоларига чиқаришнинг махсус тартиби ўрнатилади.

Бунда сотув суммаси ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқи учун бонус суммаси сифатида қаралади ва танлов савдолари ташкилотчиларининг харажатларини чегирган ҳолда республика бюджетига ўтказилади.

Танлов савдолари ташкилотчиси ёки танлов савдолари иштирокчилари қонунчиликда белгиланган тартибда фойдали қазилмаларни қазиб олишда (ажратиб олишда) айрим солиқ турлари бўйича солиқ ставкаларини оширилган миқдорда таклиф қилиш ҳуқуқига эга.

2022 йил 1 январдан бошлаб:

а) геология-қидирув ва (ёки) изланиш ишлари ўтказиш учун ажратилган ер участкалари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи солиш объекти ҳисобланмайди;

б) ажратилган майдон ва фойдали қазилма турларидан келиб чиқиб, қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган миқдорда ҳисоблаб чиқиладиган, геологик ўрганишлар учун ер қаъридан фойдаланганлик учун ҳар йиллик лицензия тўлови жорий қилинади;

в) геологик ўрганишлар учун ер қаъридан фойдаланганлик учун ҳар йиллик лицензия тўлови қуйидагиларга йўналтирилади:

  • 70 фоизи — республика бюджетига;
  • 15 фоизи — вилоят маҳаллий бюджетига;
  • 15 фоизи — туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига.

Геология-қидирув ишларини амалга оширувчи юридик шахслар, шунингдек, улар томонидан жалб этиладиган пудрат ва ёрдамчи пудрат ташкилотлари қуйидагилардан озод этилмоқда:

  • конларни қидириш, аниқлаш ва ишлатиш даврида геологик қидирувни амалга ошириш учун зарур бўлган махсус техникаларни вақтинча олиб киришда даврий божхона тўловларидан;
  • конларни қидириш, аниқлаш ва ишлатиш бўйича ишларни бажариш учун зарур бўлган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, моддий-техника ресурслари ва махсус техникаларни импорт қилишда божхона божидан.

2021 йил 1 октябрдан бошлаб:

  • табиий газни экспортга реализация қилишда акциз солиғи ставкаси ноль фоиз миқдорида белгиланади;
  • юридик шахслар табиий газни Ўзбекистон ҳудудига импорт қилишда божхона божидан озод қилинади.

Тегишли вазирлик ва идораларга 2022 йил 1 январдан «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини киритиш топширилди. Унда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини:

  • нефть ва табиий газ бўйича — 10 фоизгача;
  • олтин ва мис учун — 7 фоизгача;
  • вольфрам учун — 2,7 фоизгача;
  • уран учун — 8 фоизгача камайтириш назарда тутилади.

Бунда углеводородлар, қимматбаҳо, рангли, нодир ва радиоактив металларни, шунингдек, маҳсулот тақсимотига оид битимлар (агар 2021 йил 1 сентябрга қадар кучга кирган битим ва шартномаларда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса) доирасида қазиб олишни амалга оширувчи давлат улушига эга корхоналар учун, Ўзбекистон президенти томонидан ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг оширилган ставкалари белгиланиши мумкин.

Шунингдек, ер қаъридан фойдаланувчиларнинг капитал харажатларини ҳисобга олган ҳолда янги конларда нефть, табиий газ, газ конденсати, қимматбаҳо, рангли, нодир ва радиоактив металларни қазиб олиш (ажратиб олиш)ни амалга оширувчи ер қаъридан фойдаланувчилар учун рента даромади солиғи жорий этилади.

Янги нефть ва газ қудуқларини, саноат усулида фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб, дастлабки икки йил давомида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўлашдан озод қилиш, кейинги уч йилда ушбу солиқ учун белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизига камайтирилган ставкани қўллаш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ва экспертларни жалб қилган ҳолда, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаш тартибини янада такомиллаштириш кўзда тутилмоқда. Бунда, 2021 йил 1 январдан 31 декабргача бўлган даврда табиий газ, нефть ва айрим турдаги бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олишда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблашда солиқ базаси уларни ташиш ҳамда қайта ишлаш билан боғлиқ харажатлар суммасига камайтирилиши белгиланмоқда.

Норуда фойдали қазилмалар учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари унификация қилинади. Рента даромади солиғини тўловчи чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга солиқ ҳисобини АҚШ долларида юритиш ҳуқуқи берилади.