6 октябрь куни Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамкорлигида «Пробация хизмати фаолиятида инсон ҳуқуқларининг таъминланиши ҳамда ўзаро ҳамкорлик» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Омбудсман матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар беришича, унда пробация бўлинмаларида ҳисобда турган шахслар тўғрисида ҳам маълумот берилган.

Йил бошида назоратда турганларнинг сони 57 036 нафар бўлган, ўтган 8 ой ичида 41 034 нафар шахс ҳисобга олинган бўлса, 37 636 нафари ҳисобдан чиқарилган.

1 сентябрь ҳолатига 60 434 нафар шахс назорат остига олинган.

Шундан:

  • Муддатидан илгари шартли озод қилинган — 22 443 нафар;
  • Аҳлоқ тузатиш ишлари — 17 825 нафар;
  • Озодликни чеклаш — 12 600 нафар;
  • Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган — 5 797 нафар;
  • Шартли ҳукм қилинган — 1639 нафар;
  • Мажбурий жамоат ишлари — 130 нафар.

Назорат остидаги шахсларнинг 55 325 нафарини (91,5%) эркаклар, 5109 нафарини (8,5%) аёллар, 17 874 нафари (28%) ёшлар, 338 нафарини (0,5%) вояга етмаганлар ташкил қилади.

Пробация назоратидаги шахсларнинг 37 518 нафари бир маротаба, 15 795 нафари икки марта, 7 121 нафари эса 3 ва ундан ортиқ судланганлардан иборат.

Маълумот ўрнида, 2001 йилда 5697 нафар ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган ва назорат остидаги шахсни 442 нафар инспектор назорат қилган. Бир нафар ходим 13 нафар назоратдаги шахс билан иш олиб борган.

2021 йилга келиб 59 843 нафар назорат остидаги шахс 561 нафар инспекторлар томонидан назорат қилинган. Бир нафар ходимга ўртача 108 нафар шахс тўғри келмоқда.

Тадбирда пробация хизматининг асосий вазифаси жиноят кўчасига кириб қолган шахсни тарбиялаш, уни жамиятга, ижтимоий ҳаётга мослаштиришдан иборат эканлиги қайд этилган.

«Пробация бўлинмалари назорати остида турган шахслар орасида тадбиркорлик ёки муайян фойдали меҳнат фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлганларга ҳуқуқий ва бошқа масалаларда маслаҳатлар берилиб, уларга истеъмол кредитлари ажратилишида ҳар томонлама кўмак берилмоқда», — дейилади омбудсман матбуот хизмати хабарида.