Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби, ҳокимнинг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Фаҳриддин Қодировнинг интернетдаги сўзларидан сўнг у билан меҳнат муносабатлари бекор қилинишини маълум қилди.

Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Фаҳриддин Қодиров шаҳарда чет тиллардаги сўзлари ўрнига ўзбекча сўзларни ишлатиш бўйича тарғибот акцияси бўйича ижтимоий тармоқлардаги оммавий мунозарада «давлат хизматчисининг мақомига хос бўлмаган тарзда ўз фикрини нотўғри шаклда билдириб, мулоқот маданиятининг умумқабул қилинган меъёрларини бузган. У мулоқот давомида қўпол сўзлар ишлатган, бу ҳолат, ўз навбатида, жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган», дейилади АОКА хабарида.

Собиқ матбуот котиби ўз изоҳида челленж ҳақида тарқатган, «оддий сўзлардан тузилган» хабарини тушунмаган одамларни «тупой ёки ўзидан тупой ясаб олган калтафаҳмлар» деб атади. Бу одамларга «балки 100 марта ҳаёт берилса ҳам тушунолмайди. Чунки хоҳламайди», деб ёзган эди у.

«У ўз хатти-ҳаракатлари билан давлат хизматчисининг ахлоқий меъёрлари ва кодексини бузган, шунингдек, ўз фаолиятида мулоқот маданияти меъёрларига риоя қилмаган», — дея таъкидлади АОКА.

Агентлик барча матбуот котибларини «сўзга масъулиятли бўлиш, ўз вазифаларига жиддий ёндашиш, шунингдек, аҳоли сўровларига тезкорлик билан жавоб беришга» чақирди.

Эслатиб ўтамиз, акция доирасида дўконлар, таълим муассасалари, жамоат транспорти ва бошқа жамоат жойларида ўзбек ва рус тилларида тез-тез қўлланиладиган сўзлар акс этган варақалар ёпиштириб чиқилган эди. Ўзбек тилидаги сўзга «яшил тасдиқ белгиси», унинг рус тилидаги таржимасига эса «қизил инкор» белгиси қўйилган.

Фаҳриддин Қодиров шаҳар раҳбарияти ўзининг акциясида «шунчаки тез-тез қўлланиладиган сўзларнинг таржимаси борлигини эслатмоқчи бўлган"лигини ва бу рус тилини чеклаш билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаган эди.