Осиё тараққиёт банки (ОТБ) 7 октябрь куни Ўзбекистонда рақобатбардош молиявий бозорларни ривожлантириш учун 100 миллион долларлик кредитни маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, мазкур кредит маблағлари мамлакатда молиявий бозорлар учун қулай муҳит яратишда зарур бўлган давлат сиёсати, қонунчилик ҳамда институционал ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилади.

«Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнларини жадаллаштирар экан, мустаҳкам ва рақобатбардош ички молиявий бозорлар хусусий инвестицияларни жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга», — дея қайд этди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков. «ОТБ Ўзбекистондаги молиявий бозорларни ривожлантириш ҳамда иқтисодий ўсишнинг асосий омили ва мамлакатда янги иш ўринларининг муҳим манбаи ҳисобланган хусусий инвестицияларни рағбатлантиришга ёрдам беради».

Маълум қилинишича, ОТБнинг Молиявий бозорларни ривожлантириш дастури Ўзбекистон молия бозорини чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди. У ликвидлиги юқори давлат облигациялари бозорини рағбатлантиришга ва инвесторлар базасини диверсификациялашга интилади. Шунингдек, дастур бозорнинг муҳим инфратузилмасини, жумладан, назорат тизимларини ривожлантиришга ва биржа савдоларига қўйиладиган фондлар каби муқобил молиявий воситалар таклифини кучайтиришга ёрдам беради.

Дастур Ўзбекистон молия тизимида асосан банклар фаолиятига асосланган молиявий воситачилик тизимидан воз кечиб, «тизимли камчиликларни камайтиришга ёрдам бериши» айтилмоқда.

«Бу корпоратив қимматли қоғозлар бозорининг ривожланишига туртки бўлади, суғурта компаниялари каби институционал инвесторларнинг талабини оширади, мавжуд молиявий воситаларни диверсификация қилади ва инвесторлар базасини кенгайтиради», — дейди ОТБ молиявий секторининг бош мутахассиси Сайид Али-Мумтоз Х.Шоҳ.

ОТБ жамоатчилик менежменти бош иқтисодчиси Чигдем Акиннинг сўзларига кўра, мазкур дастур инвесторларга муқобил инвестиция имкониятларини кенгайтириш ва маблағларни «тежамкор жалб қилиш»га хизмат қилади.

Шунингдек, ОТБ дастур доирасидаги ислоҳотларни амалга ошириш учун 500 минг долларлик техник ёрдам гранти ажратиши кўзда тутилган.

Аввалроқ, «Газета.uz» ОТБ 2021−2022 йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши бўйича прогнозларини янгилаганлиги ҳақида хабар қилган эди. Унга кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2021 йилда 5 фоиз, 2022 йилда эса 5,5 фоизга ўсиши кутилмоқда.