Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Чорвоқ оромгоҳи» дам олиш маскани яхлит мулкий мажмуа (виртуал кўриш) сифатида оммавий савдоларга чиқарилди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар беришича, шу муносабат билан дам олиш масканини 8 та алоҳида лотлари бўйича савдо жараёнлари тўхтатилди.

Биринчи босқичда — талабгорлар олдиндан сараланади, жумладан, савдоларда қатнашиш учун талаб қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги, закалат пули келиб тушганлиги, давлат активларидан келгусида фойдаланиш йўналишларига қўйилган талабга нисбатан талабгор томонидан таклиф этилган бизнес концепцияси лойиҳасининг мақбул ёки мақбул эмаслиги кўриб чиқилади.

Иккинчи босқичда — талабгорнинг тижорат таклифлари, жумладан, сотиб олиш нархи ва тўловни амалга ошириш муддати баҳоланади.

Савдонинг биринчи босқичида иштирок этиш учун талабгорлар 2021 йил 8 ноябрь куни соат 18:00 га қадар ўзбек ёки рус ёхуд инглиз тилларида белгиланган ҳужжатларни «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали тақдим этиши зарур.

Оромгоҳни харид қилувчиларга алоҳида шартлар ҳам қўйилмоқда:

  • Дам олиш масканидан келгусида меҳмонхона ва бошқа туризм инфратузилмасини сақлаб қолиш ва ривожлантириш;
  • дарахт ва буталарнинг кесилишига жорий этилган мораторийга риоя этиш;
  • «Чорвоқ оромгоҳи» дам олиш масканининг Германия компанияси «IMPRO GmbH» LTD олдидаги 573 568,47 ЕВРО миқдоридаги қарздорлигини 2022 йил 1 февралдан бошлаб график асосида тўлаш.


Талабгор давлат активини сотиб олиш тўловини бир ойдан кўп муддатларда (кўпи билан 36 ой) амалга оширишни таклиф этганда, унинг нарх таклифи ушбу муддатларни инобатга олган ҳолда белгиланган тартибда жорий қийматга келтириб баҳоланади.

Савдо якунлари бўйича савдо ғолиби билан Давактив агентлиги томонидан хабарнома юборилган санадан бошлаб 20 кун ичида олди-сотди шартномаси расмийлаштирилади (форс-мажор ҳолатлари бундан мустасно) ва савдоларга қатнашиш учун тўланган закалат пули давлат активи харид тўловининг бир қисми сифатида қабул қилинади.

Давлат активлари савдолари якунлари бўйича ғолиб томонидан тўланадиган харид қийматига чегирма қўлланилмайди. Савдолар якунлари бўйича савдо ғолиби томонидан олди-сотди шартномасини тузиш рад этилса ёки ундан воз кечилса, у томонидан тўланган закалат пули миқдори қайтарилмайди.

Давлат тендер комиссияси ёки Ишчи орган ўз хоҳишига кўра ҳеч қандай мажбуриятни ўз зиммасига олмаган ҳолда, ҳар қандай вақтда савдони тўхтатиши ҳамда савдо жараёнида талабгорлардан қўшимча ва аниқлаштирувчи маълумотлар сўраши мумкин.

Бунга қадар, «Бродвей»даги ДХХнинг собиқ биноси, «Малика» бозори ва бошқа объектлар, шу жумладан биринчи президентнинг қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган «Сижжак» дам олиш зонасини сотувга чиқарилгани ҳақида ёзган эдик.

Эслатиб ўтамиз, Ташқи ишлар вазири ўғли Дониёр Камилов асосчиси сифатида кўрсатилган Metropol Group компанияси 210 млрд сўмга «Сайилгоҳ»да жойлашган ДХХ собиқ биносини сотиб олди.