Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Кобулда Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги раҳбари вазифасини бажарувчи Амир Хон Моттакий билан учрашув ўтказди.

Бу ҳақда 7 октябр куни Афғонистон ТИВнинг мамлакат муваққат ҳукуматида Толибон томонидан тайинланган вакили Абдул Қаҳар Балхий ўзининг Twitter саҳифасида ёзиб қолдирди. Бу Толибон Афғонистонда ҳукумат тепасига келгач, Ўзбекистон томонидан амалга оширилган илк юқори даражадаги ташриф.



Амир Хон Моттакий ўзбекистонлик ҳамкасбини қутлар экан, мамлакатдаги вазият барқарорлашишига ишонтирди ва уни «хавфсиз муҳитда қабул қилиш шараф» эканлигини таъкидлади.

Афғонистон ТИВ вакилининг сўзларига кўра, Абдулазиз Камилов «шаҳарнинг озодалиги, шаҳар бошқарилаётгани, кўчадаги одамлар ва хавфсиз муҳитни кўрганидан мамнун» эканлигини қайд этган. Вазирнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон ҳар доим ҳам икки мамлакатнинг ўзаро манфаатларига эътибор қаратган ва «Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан ташқи сиёсати бошқа масалаларга боғланмаган».

«Жаноб Камилов Афғонистон Ислом амирлиги яқин орада халқаро ҳамжамиятда мустаҳкам ўрин олишига умид билдирди ва Ўзбекистон транзит, энергетика ва савдо соҳасидаги мажбуриятларига содиқ қолишига ишонтирди», — дейилади хабарда.

Ўз навбатида Амир Хон Моттакий Мозори-Шарифдаги аэропортни реконструкция қилиш режаси ва бошқа соҳалардаги ёрдам учун ҳамкасбига миннатдорчилик билдирди.

Октябрь бошида Ўзбекистон элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов «Толибон» вақтинчалик ҳукуматда ТИВ раҳбари этиб тайинлаган Амир Хон Моттакий билан учрашган эди. Томонлар давлатлар ўртасидаги парвозларни қайта тиклаш, Мозори Шариф аэропортини реконструкция қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.