22 сентябь куни «Газета.uz»да «11 йиллик қаровсизлик. Бухородаги театрнинг эски биноси авариявий ҳолатдан чиқишини кутмоқда» номли мақола эълон қилинган эди.

Унда Садриддин Айний номидаги Бухоро давлат мусиқали драма ва комедия театри биринчи ўзбек профессионал театрларидан бири эканлиги, бироқ театрнинг эски биноси бир неча йилдан бери таъмирталаб ҳолда экани қайд этилган. Унинг ижодий жамоаси эса «Кўҳна ва боқий Бухоро» мажмуасидаги ўз намойишларини кўрсатиб келмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги муносабат билдирди.

Таъкидланишича, президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йили 21−22 январь кунлари Бухорога ташрифи давомида С.Айний номидаги собиқ мусиқали драма ва комедия театри биносини реконструкция қилиш ва фаолиятини қайта йўлга қўйиш, Боқий Бухоро мажмуасида жойлашган вилоят театри биносини маданият саройига айлантириш юзасидан топшириқ берилган.

Унинг ижроси юзасидан эса Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 майдаги «Бухоро маданият саройи фаолиятини ташкил этиш ҳамда ҳудудда театр санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинган.

«Боқий Бухоро мажмуасида жойлашган театр биносини маданият саройига айлантириш чоралари кўрилмоқда. С.Айний номидаги собиқ мусиқали драма театри биносини 2022 йилда республика бюджетининг 64,5 млрд сўм маблағлари асосида таъмирлаш режалаштирилганлиги билдирилади», — дейилади хабарда.


Аввалроқ, «Газета.uz»да эълон қилинган мақолада Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 3-босқич талабаси Зиёда Алойиддин қизи театрнинг эски биноси янгисидан нимаси билан афзаллиги ва нега театр авариявий ҳолатдан ҳали ҳам чиқмаганлигини ўрганган эди.

Садриддин Айний номидаги театр биноси аҳоли кўп яшайдиган, туристик манзил бўлмиш Бухоронинг Эски шаҳарида жойлашган. Театр биноси 450 ўринга мўлжалланган.

1921 йилга қадар бу бинодан «Халқ уйи» (народный дом — революциядан олдинги Россияда оммавий маданий-маърифий муассаса — таҳр.) сифатида фойдаланиб келинган. 11 йил олдин театр авария ҳолига келиб, унда спектакллар намойишининг имкони бўлмай қолгач, театр фаолияти янги бинога кўчирилган.

Мазкур театр директори Гулнора Ҳусенованинг айтишича, эски бинодаги намойишларни ҳам маҳаллий аҳоли, ҳам сайёҳлар томоша қилиш учун келишган. Унинг сўзларига кўра, театр эски бинода фаолият олиб борганда тунда ҳам томошабинлар келган. Ҳатто ўзбек тилини билмаган туристлар спектаклларнинг охиригача ўтиришган.

Эски бино жамоат транспортлари серқатнов бўлган жойда жойлашган бўлса, «Кўҳна ва боқий Бухоро» шаҳардан узилган.