Ўзбекистоннинг амалдаги президенти, ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев сирдирёлик сайловчилар билан учрашув чоғида Гулистон шаҳрининг эски деҳқон бозори ўрнидаги 42 гектар майдонда «Гулистон сити» барпо этилишини таклиф қилди. Бу ҳақда ЎзЛиДеП ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, бу ерда 1 минг 700 хонадонли 16 қаватли турар-жойлар, умумтаълим ва бизнес мактаблари, 2 та болалар боғчаси, замонавий клиника, маданият маркази ва меҳмонхона қурилади.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Сирдирёдаги ичимлик суви ҳақида гапирди.

«Келгуси беш йилда марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 82 фоиздан — 90 фоизга, канализация қамрови 14 фоиздан — 40 фоизга етказилади. Бунинг учун 1,8 триллион сўм эвазига, 428 км ичимлик сув ва 57 км канализация тармоғи, 118 та сув ва 7 та канализация иншоотлари барпо этилади. Натижада, 60 минг нафар аҳоли илк бор сув билан таъминланади, 106 минг нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланади», — дейди президент.

Қўшимча қилинишича, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида келгуси беш йилда 110 та қишлоқ ва маҳаллада ободонлаштириш, ижтимоий объектлар, ички йўллар ва инфратузилмани таъмирлашга 1 трлн сўмдан зиёд маблағ ажратилади.

«Бундан ташқари, кейинги уч йилда вилоятдаги 17 та қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш ва ривожлантиришга 10 млн доллар йўналтирилади», — дейди ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев.

Таъкидланишича, вилоятда электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида, келгуси беш йилда 5 минг км паст ва юқори кучланишли тармоқлар, 1 минг 100 та трансформатор янгидан қурилади ва реконструкция қилинади. Бу ишлар ҳисобига 420 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган масканлар обод қилинади.

Аввалроқ, «Адолат» партиясидан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов шаҳарларда «сити» қуришга ружу қўйилганлигини танқид қилган эди. Партия раҳбари ҳаводаги чангга қарши курашишда фойда бериши мумкин бўлган сунъий кўллар республикада бирин-кетин йўқ қилинаётганлигини таассуф билан қайд этганди.