Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Суҳбат аввалида давлат раҳбари Россия етакчисини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва катта муваффақиятлар, дўст Россия халқига эга тинчлик-осойишталик ва бардавом равнақ тилади.

Президент Владимир Путиннинг замонавий Россияни барпо этишдаги тарихий роли ҳамда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшаётган шахсий ҳиссаси қайд этилди.

Президентлар келгуси ойда бўлиб ўтадиган Россия Федерациясига олий даражадаги давлат ташрифига тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилдилар.

Халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан, шу жумладан Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишидан келиб чиққан ҳолда фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг Россияга давлат ташрифи 2020 йилнинг февраль ойида режалаштирилган эди. Ўша йилнинг февраль ойида ташриф июнда бўлиб ўтиши хабар қилинган, бироқ коронавирус пандемияси туфайли қолдирилган.

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан музокараларда бу ташрифни октябрь ойидаги президент сайловларига қадар ёки ундан кейин ташкиллаштириш режалаштирилганини маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев 2017 йил апрель ойида давлат ташрифи билан Москвага борди. 2018 йил октябрда Владимир Путин давлат ташрифи билан Тошкентга келди.

Маълумот учун

24 октябр куни Ўзбекистонда президент сайловлари бўлиб ўтади.

Сайлов кодексига мувофиқ, сайлов натижалари Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кунидан 10 кундан кечиктирмасдан эълон қилиниши лозим.

Президент Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлови натижалари расмий равишда эълон қилинган кундан эътиборан кечи билан икки ой ичида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қилган пайтдан эътиборан ўз лавозимига киришади.

Амалдаги президент ўз ваколатларини янги сайланган давлат раҳбари лавозимга киришгунига қадар бажаради.