Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилади

Парламент ва Вазирлар Маҳкамасининг муассислигида Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилмоқда. Унинг асосий мақсадларига эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини, чин етимларни, оғир касалликка чалинган ва ногиронлиги бўлган болаларни даволаш, уларнинг таълим олишини, уй-жой билан таъминланишини ҳамда касб эгаллашларини қўллаб-қувватлаш киради.

Экспортёрларга ташиш харажатларининг 50 фоизгача қисми қоплаб берилади

Ҳукумат қарорига мувофиқ, маҳсулотларини Ўзбекистон билан чегарадош бўлмаган давлатларга экспорт қилувчиларга ташиш ҳаражатларининг 50 фоизгача қисми тўлаб берилади. Ариза ва тегишли ҳужжатлар Экспортни рағбатлантириш агентлигига тақдим этилади. Компенсация тақдим этиш шартлари ва уни рад этиш тартиби ҳам белгилаб берилди.

Чирчиқда ўзбек тилини тарғиб қилувчи варақалар пайдо бўлди

Чирчиқ маъмурияти жамоат жойларида ўзбек ва рус тилларида тез-тез ишлатиладиган сўзлар акс этган варақалар жойлаштириб, ўзбек тилидаги сўзлардан фойдаланишга чақирди. Ҳокимият хабарига кўра, Ўзбек тили куни арафасида ўтказилаётган «челленж»дан мақсад — ўзлашма сўзлар ўрнига ўзбек тилидаги сўзларни ишлатишни тарғиб қилишдан иборат.

Болаларда юрак нуқсонларини даволаш учун 2021 йилда 500 та окклюдер харид қилинади

Президент қарорига мувофиқ, болаларда юрак нуқсонларини даволаш учун 2021 йилда 10 млрд сўмга 500 та окклюдер харид қилинади, келгуси йилдан уларнинг сони 5 мартагача оширилади. Қолаверса, туман ва шаҳар даражасида кам инвазив ва юқори технологик жарроҳлик амалиётлари кенг жорий этилади.

Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди

Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди. Жарима миқдори БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача оширилди. Шунингдек, 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш жазо чораси киритилмоқда ва озодликдан маҳрум қилиш жазоси 1 йилдан 3 йилгача узайтирилди.

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов музокараларни бошлашди

Ўзбекистон ва Туркманистон минтақавий ва халқаро масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлайди, чунки мамлакатларнинг мақсадлари ҳамоҳанг. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасида бўлиб ўтган тор доирадаги учрашувда айтилди.

Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида зилзила сезилди

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида зилзила сезилди. Зилзиланинг эпицентри Афғонистонда бўлган. Қашқадарё ва Сурхондарёда 3−4 балллик силкинишлар қайд этилган.

«Ҳаракатлар стратегиясини рўёбга чиқариш учун 311 та қонун қабул қилинди» — Русланбек Давлетов

Адлия вазири Русланбек Давлетов Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш учун 5 йилда 114 трлн сўм ва қарийб 31 млрд АҚШ доллари йўналтирилганини маълум қилди. «Ҳаракатлар стратегиясини рўёбга чиқариш учун 311 та қонун, 2000 га яқин Ўзбекистон президентининг фармон ва қарорлари қабул қилинди» — деди у.

Ҳуқуқбузар шахс етказган зарарини қоплаб, жабрланувчи билан ярашса, жавобгарликдан озод этилиши мумкин

Қонунчиликка туҳмат, ҳақорат қилиш, енгил тан жароҳати етказиш ва енгил тан жароҳатига олиб келган ЙТҲлар бўйича маъмурий ишларни кўриб чиқишда ярашув институти амалиёти жорий қилинмоқда. Ярашув фақатгина жабрланган томоннинг ташаббуси билан ва зарар қопланганидан кейингина амалга ошиши мумкин.

ТДИУ собиқ проректори қидирувга берилди

Тошкент давлат иқтисодиёт университети собиқ проректори фирибгарлик ва мансаб сохтакорлигида айбланиб, қидирувга берилган.

Ўзбекистон ва Туркманистон Афғонистонни қўллаб-қувватлашда давом этади

Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари Афғонистон халқига ёрдам беришда давом эттишларини таъкидлашди. Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигига таъсир кўрсатади. Шунингдек, у трансмиллий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокараларни давом эттириш режалари ҳақида ҳам маълум қилди.

Туркманистон президентининг ташрифи доирасида 23 та ҳужжат имзоланди

Туркманистон президентининг Тошкентга ташрифи давомида 23 та ҳужжат имзоланди. Улар орасида Транспорт, транзит ташишлар, сувни тежовчи технологиялар, адлия, ижтимоий ҳимоя ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга доир ҳужжатлар имзоланган.

UzAuto Motors Туркманистонда автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкин

«Ўзавтосаноат» ва «Turkmenistan-Motors» ўртасида имзоланган меморандумга кўра, Туркманистон ҳудудида UzAuto Motors автомобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкин. Туркманистон томони ўзбек товарларини 300 миллион долларга сотиб олишни режалаштирмоқда.

Профилактика инспекторлари ваколатлари кенгайтирилди

Профилактика инспекторлари кўриб чиқиши мумкин бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар рўйхати кенгайтирилди. Жумладан, эндикликда «участкавойлар» ҳайдовчиларнинг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши ҳамда вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишлари мумкин.

Гурбангули Бердимуҳамедов — Шавкат Мирзиёевнинг хусусиятлари тўғрисида

Туркманистон давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов президент Шавкат Мирзиёевнинг маслаҳатлари ва тавсиялари мамлакатда пахта етиштириш ҳажмларини сезиларли даражада оширишга ёрдам берганлигини таъкидлади. У ҳамкасбининг бошқа хусусиятларини ҳам эътироф этди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

ОТМлардаги илмий-педагогик меҳнатни қандай баҳолаш мумкин?

«Газета.uz» колумнисти, файласуф Валерий Ханнинг таъкидлашича, олий таълим муассасаларида ўқитувчилар меҳнатини баҳолашда мослаштирув ҳали ҳам йўқ қилинмаган. У илмий-педагогик меҳнатни баҳолашнинг янги тизимига асос бўла оладиган сифат ва миқдор мезонларини таклиф қилмоқда.

«Иқтидор ва меҳнатни ўзида жамлаган спортчилар кам» — Олим Ҳикматов, эркин курашчи Бекзод Абдураҳмоновнинг устози

Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Олим Ҳикматов «Газета.uz»га берган интервьюсида мураббийнинг спортчи ҳаётидаги ўрни, ғалаба учун муҳим омиллар, ўз шогирдларига нималарни уқтириши, Бекзод Абдураҳмоновнинг спортдаги йўли ва терма жамоанинг кейинги режалари ҳақида тўхталиб ўтди.